Оқолтиндаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани аниқланди

Оқолтиндаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани аниқланди

«Қишлоқ қурилиш инвест»нинг Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари 2,5 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақида Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими Kun.uz’га хабар бермоқда.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.S.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани «Кўркам диёр» массивида 1та кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Шу каби, «Y.N» МЧЖ томонидан массивдаги 1та кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.М.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани «Ховос маркази» массивида 1та кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!