Оқлов ҳукми ўз кучида қолдирилди. Шахс айбсиз

Оқлов ҳукми ўз кучида қолдирилди. Шахс айбсиз

Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг 2019 йил 27 сентябрдаги ҳукмига кўра, Ш.Шеров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди, 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқланган.

Бухоро вилоят Божхона бошқармаси Когон ТИФга “VIXARATEKST” МЧЖ томонидан 14.12.2018 йилдаги М181214-сонли шартномага асосан тақдим этиладиган божхона декларациясини қабул қилиб, руйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш мажбурияти юкланган ва божхона тўғрисидаги қонун талаблари бажарилгач, ашёвий далил деб эътироф этилган 1206 дона телевизорлар Ш.Шеровга қайтарилиши белгиланган.

Суд хукмига кўра, Ш.Шеров дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикасида хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислохотлар баробарида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлардан қонунга хилоф тарзда ўзининг жиноий мақсадларида фойдаланиб, Республика иқтисодиётини нормал ривожланишини таъминловчи хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартибига зид равишда, назорат қилинмайдиган даромад олишни кўзлаб, жуда кўп миқдорда божхона тўловларини тўлашдан буйин товлаш мақсадида, божхона тўловлари юқори ҳисобланган ҳар хил ўлчамдаги телевизорларни юк кузатув ҳужжатларида божхона тўловлари паст ҳисобланган “Нити синтетический”, “Войлок непропитанные из прочих текстильных материалов”, “Войлок для основы” ва “Стекловата” товарлари номи билан кўрсатиб, ушбу товарларни божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиб, декларация қилмасдан, яъни ёлғон маълумот киритилган ва бошқа товарларга тегишли ҳужжатларни ҳамда товарлар ҳақида маълумотларни қасддан баён қилмасдан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиб, жуда кўп миқдордаги божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, ушбу товарларни божхона назорати режимидан чиқаришда фойдаланиш мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш, ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиш жиноятларини содир этганликда айбланган.

Жумладан, эълон қилинган айбловга кўра, Ш.Шеров, Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистон Республикасига телевизорларни импорт қилишни мақсад қилиб, мазкур телевизорларни шу вақтда расмий ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси божхона назоратидан олиб ўтган тақдирда божхона тўловлари юқори нархларда ҳисобланишини англаб, ноқонуний равишда телевизорларни Ўзбекистон Республикаси худудига олиб киришни режалаштириб, шу вақтда Бухоро вилоятида давлат руйхатидан ўтган “VIXARATEKST” МЧЖнинг расман директори ҳисоблансада, ушбу МЧЖ номига телевизорларини ноқонуний равишда олиб кирса ва бу холат келгусида аниқланса, жиноий жавобгарликка тортилишини билиб, жавобгарликдан қутилиш мақсадида, Бухоро вилоятидан давлат руйхатидан ўтган Хитой Халк Республикасидан Ўзбекистон Республикасига махсулотларни импорт қилиш учун 2018 йил 10 январь куни “Xinjiang Lianda Weiye Economy and Trade Co.Ltd” компанияси билан 1/2018-сонли, 2018 йил 13 декабрь куни “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компанияси билан М181213-сонли шартномаларга эга бўлган ва турли хилдаги маҳсулотларни доимий равишда импорт қилувчи “SHAXBOZ CARPET TEKSTILE” МЧЖ номига, ушбу МЧЖ рахбарларидан яширин равишда телевизор маҳсулотларини ҳужжатларда бошқа турдаги товарларнинг номини кўрсатган ҳолда келтирганликда, хусусан, “Xinjiang Lianda Weiye Economy and Trade Co.Ltd” компаниясининг топшириғига асосан Қозоғистон Республикасининг “КZ Carrier LLC” компаниясидан 2018 йил 18 декабрь кунги 88/1-сонли инвойс, 74192272-сонли СМГС билан жами 5243,2 АҚШ доллари қийматидаги “Нити синтетический”, “Войлок не пропитанные из прочих текстильных материалов” ва “Стекловата” номдаги товар-моддий бойликлари CRXU9743176 рақамли юк контейнерида, “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компаниясининг топшириғига асосан Қозоғистон Республикасининг “КZ Carrier LLC” компаниясидан 2018 йил 24 декабрь кунги 1/1-сонли инвойс, 74192271-сонли СМГС билан жами 5422,1 АҚШ доллари қийматидаги “Нити синтетический” ва “Войлок для основы” номдаги товар-модций бойликлари PRGU9325586 ракамли юк контейнерида “Shaxboz carpet tekstil” МЧЖга юборилган темир йўл платформалари, 2018 йил 29 декабрь куни Бухоро вилоятидаги “Хўжадавлат” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган, 2018 йил 31 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, CRXU 743176 ракамли ва PRCU 9325586 рақамли юк контейнерлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу контейнерларда юқоридаги йўл юк ҳужжатларида қайд қилинган товар-моддий бойликлар мавжуд эмаслиги, уларнинг ўрнида йўл юк ҳужжатларида кўрсатилмаган 1.206 дона турли ўлчамдаги “LG” русумли телевизорлар мавжудлиги аникланиб, бахолаш фаолияти билан шуғулланувчи “Электрон Бахолаш” МЧЖнинг 03.01.2019 йилги 40/1-19-ЕВ рақамли баҳолаш ҳисоботига кўра, мазкур телевизорларнинг умумий қиймати 5.072.199.000 сўмни такшил қилган бўлиб, Бухоро вилояти божхона бошқармаси божхона тўловлари бўлимининг 03.01.2019 йилги 47-сонли маълумотномасига кўра, ушбу телевизорлар учун 5.016.521.835 сум божхона тўловлари ҳисобланиши қайд этилган, шундан сўнг, Ш.Дж.Шеров жиноий фаолияти ошкор бўлганини била туриб, ўзини жиноий жавобгарликка тортилишини олдини олиш ва жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида ушбу телевизорлар аслида “VIXARATEKST” МЧЖ номига келиши керак бўлгани, юборувчи компанияни хатоси туфайли товарлар “SHAXBOZ CARPET TEKSTILE” МЧЖ номига бошқа ном билан келиб қолгани ҳақидаги хатни тайёрлаб, ушбу хатга илова қилган холда 22.12.2018 йилги “Xinjiang Lianda Weiye Economy and Trade Co.Ltd” компаниясининг рақамсиз ва штампсиз хати нусхаси, 20.12.2018 йилги 88/1 сонли инвойс нусхаси, 27.12.2018 йилги “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компаниясининг рақамсиз ва штампсиз хати нусхаси, 26.12.2018 йилги 1/1 сонли инвойс нусхаси, 14.12.2018 йилги “VIXARATEKST” МЧЖ ва “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компаниясининг Ml 81214-сонли шартномаси нусхаси, ушбу шартноманинг спецификацияси нусхаси ва қўшимча келишувлари нусхаларини дастлабки терговда аниқланмаган усулда қалбакилаштирган ҳолатда тайёрлаб, ушбу ҳужжат нусхаларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасига ноқонуний равишда кириб келган телевизорларни расмийлаштириб олиш мақсадида уларни божхона идораларига тақдим этганликда; шунингдек, Ш.Дж.Шеров ўзининг жиноий режасини охирига етказиш мақсадида “Xinjiang Lianda Weiye Economy and Trade Co.Ltd” компаниясининг санасиз, рақамсиз ва штампсиз хати, 20.12.2018 йилги 88/1 сонли инвойс, “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компаниясининг санасиз, рақамсиз ва штампсиз хати, 26.12.2018 йилги 1/1 сонли инвойс, 14.12.2018 йилги “VIXARATEKST” МЧЖ ва “Jiangsu Mittal international Trading Co.Ltd” компаниясининг Ml81214 сонли шатрномаси, ушбу шартноманинг спецификацияси ва қўшимча келишувларини ҳам дастлабки терговда аниқланмаган усулда қалбакилаштирган ҳолатда тайёрлаб, ушбу ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасига ноқонуний равишда кириб келган телевизорларни расмийлаштириб олиш учун фойдаланиб, тергов идораларига тақдим этиб, жуда кўп миқдордаги божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, ушбу товарларни божхона назорати режимидан чиқаришда фойдаланиш мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш, ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиш жиноятларини содир қилганликда Жиноят кодекси 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди, 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айбланган.

Апелляция протестида биринчи инстанция судининг оқлов ҳукмини бекор қилиб, Ш.Шеровга нисбатан айблов ҳукми чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати, вилоят суди судьяси С.Найимовнинг иш бўйича маърузасини, тарафларнинг фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар асосида текшириб, қуйидагиларга асосан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз, протестни қаноатлантиришсиз қолдиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли Қарорининг 4-бандида судларга берилган рахбарий тушунтиришларга мувофиқ, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиққилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши, ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги кўрсатилган.

Судлов ҳайъати, қуйидаги асосларга кўра, биринчи инстанция суди томонидан судланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришда қайд этилган Қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилинган деб ҳисоблайди.

Мазкур жиноят иши буйича уни айби йўқлигини, ҳужжатларни қалбакилаштирмаганлигини, божхона тўловларини тўлашдан буйин товламаганлигини, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраб кўрсатув берган.

Ш.Шеровнинг мазкур кўрсатувлари ва унда келтирилган важлари жиноят ишидаги ҳужжатлар билан рад қилинмаган, унинг зиммасига қўйилган айбловлар дастлабки тергов органининг тахминларига асосланган бўлиб, Ш.Шеровнинг айбсизлиги қуйидаги далиллар мажмуи билан исботланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисмининг “а” бандида, божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб жуда кўп миқдордаги товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур жиноятнинг объекти давлат ва жамиятнинг иқтисодий манфаатлари ҳисобланади, чунки, биринчидан, бу қилмишни содир этиш натижасида олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган товар­ларга қўйилган божлар давлат бюджетига келиб тушмайди, ик­кинчидан, Республикадан мамлакат иқтисодий аҳамиятига эга бўлган, чиқарилиши таъқиқланган товарлар чиқиб кетишига йўл қўйилган бўлади. Жиноятнинг бевосита объекти товар ёки бошқа қимматлик­ларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказишнинг белгилаб қўйилган тартиби ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асослари ҳисобла­нади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 06 сентябр кунидаги “Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 9-банди 3-хатбошисида, божхона органи томонидан божхона декларациясини текшириш, товарларни кўздан кечириш ва божхона декларациясида кўрсатилган маълумотлар нотўғрилиги аниқлангунига қадар божхона декларациясида йўл қуйилган хатоларнинг деклорант томонидан мустақил тузатилиши (БК 265-266 моддалари) маъмурий ва жиноий жавобгарликни истисно этиши ҳақида тушунтириш берилган.

Пленум қарорининг 10-банди 3-хатбошисида эса, божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланган ҳолда товарларни божхона чегарасидан ўтказиш жинояти божхона органлари томонидан тегишли ҳужжатлар руйхатга олинган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 264-моддасида, божхона органи божхона декларациясини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмаслиги, божхона декларацияси қабул қилинганлигини расмийлаштириш у топширилган кунда, руйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилиши, божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб, у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланиши кўрсатилган.

Ўз навбатида, Божхона кодексининг 265-моддасида, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларга декларант томонидан ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши, топширилган божхона декларацияси эса қайтариб олиниши мумкинлиги, божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва уни қайтариб олиш декларация қабул қилингунига қадар амалга оширилиши мумкинлиги, божхона декларацияси қабул қилинганидан сўнг ўзгартириш, қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш декларант божхона органига мурожаат этганидан кейин амалга оширилиши кўрсатилган.

Бироқ, божхона органи ҳам, дастлабки тергов органи ҳам асоссиз равишда юқорида кўрсатилган қонун ва Пленум қарори талабларини қўпол равишда бузганлар.

Иш бўйича, биринчи инстанция судида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ж.Яхёев, ҳолат бўйича юк 2 та контейнерда келганлигини, унинг ходимлари контейнерларни божхона кўригини расмийлаштиришганидан кейин контрабанда ходимлари ҳужжатларни олишганлигини, бундан олдин яъни, уни ходимлари чақирилиб, контейнерлар очилгунига қадар судланувчи Ш.Шеров унга контейнерда “Нити синтетический”, “пропитанные из прочих текстильных материалов”, “Стекловата” ва “Войлок для основы” номдаги товарлар эмас телевизор келганлигини айтиб, контейнерлар очилмасидан юкни телевизор деб расмийлаштириш учун рухсат сўраб, ариза ва ҳужжатларни тақдим қилганлигини билдириб кўсатувлар берган. Божхона ходими сифатида Ж.Яхёевнинг мазкур кўрсатувлари, Ш.Шеровнинг Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 265-моддасида кўрсатилган қонуний тартибда ва қонуний мотивлар билан ҳаракат қилганлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Қонуннинг мазмунига кўра, ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги ҳақидаги шубҳани бартараф қилишнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади.

Судлов ҳайъати, юқорида кўрсатилган асослардан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг Ш.Шеровга оид оқлов ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция протестини эса қаноатлантиришсиз қолдиришни лозим топади.   

Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг 2019 йил 27 сентябрдаги Ш.Шеровга оид оқлов ҳукми ўзгаришсиз, апелляция протести қаноатлантиришсиз қолдирилди.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди

судьяси С.Найимов


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!