“ОПАМ ХОРИЖДАН КЕЛМАСА, МЕРОС ОЧИҚ ҚОЛАДИМИ?”

“ОПАМ ХОРИЖДАН КЕЛМАСА, МЕРОС ОЧИҚ ҚОЛАДИМИ?”

— Отам вафот этган. Онам кичик укам билан бирга яшайди. Ҳовлини номига ўтказишимиз учун биз – фарзандларининг розилиги керак экан. Акам, укам ва мен розимиз, аммо опам хорижда. Кўп йиллар олдин эри билан бирга кетган, қайтишга имкони йўқ. “Борсам, қайтиб келолмайман”, деяпти. Нотариал тасдиқланган розилик ҳам юборолмайди. Бизга нима маслаҳат берасиз?
Исми сир тутилди.

Икромжон КУРБАНБАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексида мерос билан боғлиқ тартиб қоидалар мустаҳкамланган. Унга кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
Умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади. Мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади. Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.
Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига кўра, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади. Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин. Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Фуқаролик кодексининг 1151-моддасига кўра, агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар. Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.

Мерос очилгунга қадар уч йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзли ҳуқуқлар амалга оширилганда мерос тақсимотида қатнашаётган бошқа меросхўрларнинг мулкий манфаатларига риоя этилиши лозим. Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим.
Мазкур холатда онангиз ва укангиз мархум отангиз билан бирга яшаганлигини шу сабабли мерос олишда улар имтиёзли ҳуқуққа эгалигини, сиз ва акангиз ўзларингизга тегишли мерос улушидан укангиз фойдасига воз кечмоқчи эканлигингизни инобатга олиб, фуқаролик ишлари бўйича судга меросхўр деб топиш, мерос улушларни белгилаш ва мерос улушини пул тариқасида ажратиш тўғрисида судга даъво ариза билан мурожаат қилишларингиз лозим бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!