​Онкологик касалликлар кўрсаткичлари нега ошмоқда?

​Онкологик касалликлар кўрсаткичлари нега ошмоқда?

Ўсма касалликлари нафақат республикамизда, балки бутун дунё миқёсида мураккаб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичлари ошиб бораётир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари шуни кўрсатадики, 2030 йилда бутун дунёда ўсма хасталиклари билан 15 миллион киши касалланиши мумкин. Юртимизда йилига 22 мингдан ортиқ беморларда онкологик хасталик аниқланаётгани, ўз навбатида, мазкур касалликка қарши курашиш тизимининг такомиллаштирилиши, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши, уни молиялаштириш манбаларининг аниқ белгиланишини тақозо этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари ҳамкорлигида Ўзбекистонда онкологик касалликлар билан касалланиш ҳолати: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими мавзуида ўтказилган семинарда ўсма касалликларини эрта аниқлаш, олдини олиш ва самарали даволаш нақадар муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда бугун дунёда фан ва амалиётнинг тараққиёти, соғлиқни сақлаш ва инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимининг ривожланиши натижасида онкология соҳасида, биринчи навбатда, бирламчи бўғинларда профилактика ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш билан боғлиқ бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги, юқори технологик операцияларнинг ўтказилишига талаб ва эҳтиёж юқори эканлиги қайд этилди.

Иштирокчиларнинг фикрича, юртимизда рўйхатга олинган хавфли ўсма касалликлари орасида сут бези, ўпка, қон ва лимфоид тўқималар хавфли ўсмалари ҳамда бачадон бўйни раки билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар босқичма-босқич давом этаётган бўлса-да, ўсма касалликлари билан касалланишни камайтириш мақсадида давлат миқёсидаги кенг қамровли дастурларнинг амалга оширилиши, кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилиши, айниқса, узоқ қишлоқ жойларда ишлаётган умумий амалиёт врачларининг онкологик сезгирлигининг оширилиши ва тиббий кўрик сифатининг яхшиланишига ҳамон зарурат катта бўлиб қолмоқда.

Шу боис семинарда онкологик беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ўсма касалликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишга оид муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Якунда тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!