Онасини ўлдирган қотил: "Онам ва сингилларимга неча марта пичоқ урганимни эслолмайман"

Онасини ўлдирган қотил: "Онам ва сингилларимга неча марта пичоқ урганимни эслолмайман"

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг очиқ суд мажлисида Санжар Турсунов (мақоладаги исм шарифлар ўзгартирилди)га оид жиноят иши кўриб чиқилди. Иш ҳужжатларида келтирилишча, судланувчи С. Турсунов 1998 йили Навоий вилоятида туғилган. Маълумоти ўрта махсус. Бўйдоқ, муқим иш фаолиятига эга эмас. Судланмаган.

С. Турсунов онаси Дилфуза Халиловани бегона эркаклар билан ишқий муносабатларда бўлганликда гумон қилади. Онасига нисбатан нафрати унинг жиноий режасига туртки бўлади.

Сингилларимни олиб кетмоқчи эдим

Судда кўрсатма берган С. Турсунов воқеани қуйидагича сўзлаб берди:

2013 йили онам тоғамнинг савдо дўконида, пойтахтда ишламоқчи эканини айтиб, икки синглим ва мени ўзи билан бирга олиб кетди. Отам Зарафшонда қолди. Ўқишимизни Тошкент шаҳридаги мактабга кўчирдик. Орадан бир йил ўтиб, мен коллежга ўқишга кирдим. Онам Зарафшонга бориб-келиб ишларди. 2015 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида тоғамнинг қизи турмушга чиқди. Тўй арафаси пойтахтга келган онам телефонда бегона эркаклар билан гаплашаётганини тасодифан эшитиб қолдим. Кейин ўзига билдирмай уяли телефон аппаратини текшириб кўрдим. Номаълум рақамдан келган SMS ларни кўриб, жаҳлим чиқди. Ўша рақамга қўнғироқ қилиб, ким эканини, онамни қаердан танишини суриштирдим. Нотаниш эркак билан гапимиз қовушмади. У мени ҳақорат қилиб, ақлинг етмаган ишларга аралашма, деди. Бу гапдан аччиғим чиқиб, отамга қўнғироқ қилдим ва онамнинг нима ишлар қилиб юрганини айтдим. Шу воқеадан кейин ота онам алоҳида яшай бошлашди.

2015 йили онам сингилларим билан бирга Зарафшонга қайтиб келди. Мен пойтахтда қолдим. Ўқишим тугаб, уйга қайтганимда онам ва сингилларим ҳақида ҳар хил гаплар эшитдим. Суриштирсам, синглим Наргиза онам билан келишолмай дугонасиникида яшаётган экан. Нилуфарни отам уйига олиб кетибди.

2017 йилнинг 11 сентябрь куни С. Турсунов дўстлари билан қаҳвахонада учрашади. Уч йигит туғилган кун баҳонасида пиво ичишади. Спиртли ичимлик таъсирида йигитлардан бирининг кайфи ошиб, Санжарнинг сингиллари ҳақида гап очади. Табиийки, бу Санжарга ёқмайди. Уйга қайтганида соат чамаси 01.30лар атрофида эди. Санжар отасини уйғотиб, синглисини сўрайди. Наргизанинг эрталаб чиқиб кетганча ҳали ҳам қайтмаганини билгач, жаҳли чиқиб, унга қўнғироқ қилади.

Наргиза қўнғироғимга жавоб бермагач, отамдан жаҳлим чиқди. Қизларингиз бузилиб кетган, сизнинг эса парвойингиз фалак дея бақирдим. Отам юзимга шапалоқ тортди. Қаттиқ асабийлашдим. Уйдан пичоқ олиб чиқиб, синглимни олиб келаман, деб кўчага чиқмоқчи бўлганимда отам йўлимни тўсди. Уни итариб юбориб, чиқиб кетдим. Онамникига бориб, отам билан жанжаллашиб қолганимни айтдим. У мени эшитмади, аксинча, отамни ҳақорат қила бошлади. Жаҳлим чиқиб бақирдим. Нилуфар хонасидан чиқиб келди. Наргиза ҳам шу ерда экан. Уни кўриб, ўзимни назорат қилолмай қолдим. Қўлимдаги пичоқни онамнинг ўнг биқинига тиқиб юбордим. Кутилмаганда юз берган воқеадан онам эсанкираб қолди, сўнг қаддини ростлашга уринди.

Судланувчининг суддаги кўрсатмасида келтирилишича, Д. Халилова қўлига пичоқ олиб, ўғлига ташланмоқчи бўлганида С. Турсунов онасининг тўғри келган жойига кўп маротаба пичоқ урган.

С. Турсунов:

Нилуфар бизни ажратмоқчи бўлиб, онамни суяб олди. Аччиқ устида унга ҳам бир неча маротаба пичоқ тиқиб олдим. Нилуфарни ҳимоялаш учун яқинлашган Наргизага ҳам пичоқ урдим. Жаҳл устида ўзимни йўқотиб қўйгандим. Онам ва сингилларимга қандай ташланганим, неча марта пичоқ урганимни эслолмайман. Сингилларим жон ҳолатда ташқарига қоча бошлашди. Онамни ҳам топа олмай қолдим. Сингилларимнинг ортидан кетган бўлса керак, деган ўйда ташқарига чиқдим. Сингилларим уйнинг олд томонидан айланиб ўтиб, тепага чиқишаётганини кўриб қолдим. Менга кўзи тушган Нилуфар Ака, илтимос, бундай қилманг , деб бақирди. Наргиза қайсидир хонадонга кирмоқчи бўлганида уй эгалари қонга беланганини кўриб, шовқин кўтаришди. Милиция чақирилганини эшитганимдан сўнг дуч келган томонга қоча бошладим. Қанча югурдим, билмайман. Ўзимга келганимда отамнинг уйида эдим. Отамга нима бўлганини айтиб бердим. У ўксиниб йиғлади. Онам ва сингилларимни ўлдириш учун бормагандим. Мақсадим учовини ҳам қўрқитиб қўйиш эди.

Онам уни ҳақорат қилмади

Вояга етмаган жабрланувчи Наргиза Турсунова судда педагог ва қонуний вакили иштирокида кўрсатма берди.

Н. Турсунова:

Ўша куни биз ухлаётгандик. Тўсатдан эшик тақиллади. Онам Ким у? , деб сўради. Акам ўзини танитгач, онам эшикни очди. Иккиси илиқ кўришишди. Мен ҳам хонамдан чиқиб келдим. Акам мени кўриши ҳамон бақира кетди: Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?! дея. Важоҳатини кўриб индамадим. Онам Хонангизга кириб ётинг, акангга шу ерга жой солиб бераман , деди. Гап орасида акам отам билан уришиб қолганини ҳам айтиб ўтди. Онам кўрпа тўшакларни олаётганда акам чўнтагидан пичоқ чиқариб, онамнинг ўнг биқинига тиқиб олди. Қўрққанимдан хона бурчагига бориб қолдим ва қаттиқ бақира бошладим. Опам Нилуфар югуриб чиқиб, акамни ажратмоқчи бўлди. Аммо акам унга ҳам пичоқ урди. Ёдимда қолгани акам онамга саккиз марта пичоқ урди. Опам иккиси хонадан чиқиб кетишганда мен ҳали ҳам бурчакда турардим. Қаршимда акамни кўриб, Бас қилинг, нима қиляпсиз , деб бақирдим. У эса Сен ҳам ёнимга кел , деб менга ташланмоқчи бўлди. Қочмоқчи бўлганимда бир неча марта пичоқ тиқди. Ўзимни ҳимоя қилиш учун уни итариб юбордим ва кўчага қараб қочдим. Ташқарида опамни кўриб унинг ёнига бордим. Акам ортимиздан чиқди, кўзлари қонга тўлганди, нима қилаётгани, нима деётганини англамасди. Жон ҳолатда қўшниларнинг уйига кирдик. Иккимизнинг ҳам уст бошимиз қон эди. Қўшнилар милиция чақиришганини айтишди. Акам уларга яшаш манзилини айтиб, кўздан ғойиб бўлди.

Қизларни ўлдирмоқчи бўлди

Гувоҳ Ж. Назарбоева:

Тунги соат 2:00лар атрофида эшик тақиллади. Ташқарида кимдир Ёрдам беринглар , деб қаттиқ бақирарди. Эшикни очсам, уст боши қонга беланган икки қиз турибди. Улар билан яхши таниш эмасмиз. Қизлардан бири ўзини ичкарига урди. Шовқиндан турмуш ўртоғим чиқиб келди. Унга Тез ёрдам чақиринг , дедим. Шу пайт иккинчи қизнинг ортидан қўлида пичоқ кўтарган йигит келиб, уни ўлдирмоқчи бўлди. Эрим Қизларга тегма, милиция чақирдим , деб бақирди. У эса Қайси биринг уйдан чиқсанг соғ қўймайман , деб пўписа қилди. Сўнг яшаш манзилини айтиб, кўздан яширинди. Биз Тез ёрдам чақирдик. Кўп ўтмай ички ишлар ходимлари етиб келишди. Билсак, ҳалиги йигит қизларнинг акаси экан. У онасига оғир тан жароҳати етказибди. Онаси вафот этди...

С. Турсуновнинг отаси ўғлининг Онам ва сингилларимни ўлдираман деганини ичкилик таъсирида айтди қўйди деб жиддий қабул қилмаган. Уйга уст боши қон бўлиб қайтиб, Уларни пичоқлаб қўйдим , деганида ҳам шубҳага бормаган.

Санжар Турсунов ЖКнинг 97-моддаси, 2 қисми, ж банди, 25, 97-моддаси, 2-қисми, а , г , ж бандлари ва 219-модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд С. Турсуновга жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил ўташ учун 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти

суди судьяси Фахриддин Халилов билан

ҳамкорликда тайёрланди.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!