Она вояга етмаган қизини бир хонали уй учун шаръий никоҳлаб берди

Она вояга етмаган қизини бир хонали уй учун шаръий никоҳлаб берди

Турсун Ҳақбердиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган, айни пайтда Кармана туманининг Уйрот маҳалласида рўйхатда турса-да, Навоий шаҳридаги Чинор маҳалласида истиқомат қилади. Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш жараёнида унинг вояга етмаган Шаҳло Ҳожиева билан ҳеч қандай расмий никоҳсиз яшаб келаётгани аниқланди, деб ёзмоқда Mahalladosh нашри.

Маълум бўлишича, Шаҳло шу пайтгача онаси Муяссар Ҳожиеванинг қарамоғида бўлган. Фарзанди тарбияси ва келажагига мутлақо бефарқ, оналик меҳри ва масъулиятидан кўра, манфаатдорликка қизиқиши устун бўлган бу аёл Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг бир хонали квартираси эвазига ўз қизини Турсун Ҳақбердиевга шаръий никоҳлаб берган. Ўзидан қарийб 30 ёш катта эркак билан турмуш қурганидан норози қиз ҳақ-ҳуқуқини билмагани ва имконсизлиги боис шу пайтгача жим яшаб келган бўлса-да, уйига келган маҳалла фаолларига бор гапни айтиб берди. Бу ҳақда ҳудуд профилактика инспектори ҳамкорлигида дарҳол баённома тузилиб, Навоий шаҳар ички ишлар бўлимига тақдим қилинди.

Навоий шаҳридаги Чинор маҳалласида ўтказилган сайёр суд мажлисида Т.Ҳақбердиев ва М.Ҳожиеванинг жиноий иши кўриб чиқилиб, уларга тегишли жазо чоралари белгиланди.

Афсуски, қонунларимизда белгиланган нормаларга қарамай, жамиятда никоҳ муносабатларига доир тартиб-таомилларни бузиш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Жумладан, Оила кодексида якка никоҳлилик тамойилига амал қилиниши белгиланган. Аммо айрим эркаклар бир аёл билан қонуний никоҳда бўла туриб, шаръий никоҳ асосида иккинчи аёлга ҳам уйланади.

Қўшхотинлик динда ҳам қораланган

Бундай шахслар умри давомида диннинг бошқа бирон талабига амал қилмаган бўлса-да, исломда тўрт нафаргача уйланишга рухсат берилганини рўкач қилишади, дейди Кармана тумани бош имом-хатиби Мустафо Юнусов. Ваҳоланки, муқаддас динимизда, жумладан, Нисо сурасининг учинчи оятида тўрт нафаргача уйланишга рухсат бера туриб, дарҳол орқасидан агар улар ўртасида адолат ва тенгликни барқарор қила олмасликдан қўрқсангиз, фақат битта хотин билан кифояланинг , дейилади. Яна шу суранинг 129-оятида: Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар , деб Аллоҳ таолонинг ўзи гувоҳлик беради.

Демак, шариатда кўп хотинлиликка ҳеч қандай шарт-шароитсиз, тўғридан-тўғри рухсат берилмаган. Зотан, бугун қатор муаммоларнинг келиб чиқишига дин тўрт нафаргача аёлга уйланишга изн берган деган фикрни дастак қилиб олган кимсаларнинг шаръий никоҳлаб олаётган иккинчи аёлига етарлича шароит яратиб бермаётгани сабаб бўлмоқда.

16 ёшида шаръий никоҳдан ўтган

Яқинда Навоий вилоятида содир этилган фирибгарлик жинояти бутун республикада шов-шув бўлди. Гап шундаки, мазкур жиноятни содир этган Салима Мухторова Кармана туманида туғилган, шу пайтгача Наманган вилоятида истиқомат қилиб келган. У айни пайтда Наманган шаҳридаги 70-умумтаълим мактабининг 11-синфида ўқиши керак бўлган ҳолда, сентябрь ойидан буён ўқишга бормаган. Бунга сабаб, 2018 йилнинг август ойида унинг қўқонлик шахсга шаръий никоҳланганидир. 16 ёшида қонунларимизга зид равишда шаръий никоҳга олинган қиз оилали бўлгач, дарсларга қатнамай қўйган.

Хуллас, Салима Навоий шаҳридаги савдо комплекси ҳудудидаги дўконлардан биридан 5 миллион 660 минг сўмлик тилла буюмларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумотларига кўра, бу Салима Мухторованинг тўртинчи бор шу турдаги жиноятга қўл уриши бўлиб, бунга қадар унга нисбатан қидирув эълон қилинган экан. Агар қиз шаръий никоҳ билан узатилмасдан, мактабида ўқиб юрганида балки бу ҳолат келиб чиқмас эди. Чунки уни ўз никоҳига олган шахс оиласининг моддий-маънавий эҳтиёжларини қондириш, никоҳидаги аёл учун турмуш шароити яратиб бериш жавобгарлигини ҳис қилмаган.

Синиқ шохга тирмашиш

Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейди Оила илмий-амалий тадқиқот марказининг Навбаҳор тумани бўлими раҳбари Хайринисо Ёдгорова. Оила кодексида никоҳ қандай ҳолатларда ҳақиқий ҳисобланмаслиги белгиланган. Шунингдек, тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқеидан қатъи назар, қонун олдида жавобгардир. Афсуски, бугун орамизда қонун олдидаги ана шу жавобгарлигини ҳис қилмай, шаръий никоҳ ўқийдиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Айнан уларнинг жамиятдаги барқарор ижтимоий-маънавий муҳитдан ўз манфаатини, никоҳ ўқигани учун оладиган тўрт-беш сўм пулни устун қўйгани туфайли ярашиши мумкин бўлган оилалар қайта ярашмаяпти, норасида гўдаклар тирик етимга айланмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!