Олий таълимда «катта сакраш» учун ишни нимадан бошлаш керак?

Олий таълимда «катта сакраш» учун ишни нимадан бошлаш керак?

Таълимни ривожлантириш ҳақида кўп гапириляпти. Айниқса икки сўз – ислоҳот ва инновация сўзлари кўп ишлатиляпти. Бу сўзлар мен шахсан қандай тушунаман, шуни айтиб берсам.

– Таълим тизимимизни XXI аср талабларига мослаштиришимиз, уни эгилувчан, замон билан ҳамнафас қилишимиз, кераксиз юклама ва тўсиқлардан халос қилишимиз керак. Ўтган йилларда йўқотилганларни, қилинмаган ишларнинг ўрнини тўлдириш керак. «Ислоҳот» сўзини, менимча, шундай тушуниш керак.

– Энди «инновация» сўзи ҳақида. «Инновация» инглиз тилида амалда мавжуд бўлган нарса ёки тизимда янгича усуллар, ғоялар ёки маҳсулотлар орқали ўзгаришларни амалга оширишни билдиради. Масалан, таълим соҳасида янгича ёндашув синфларни кичрайтириш ва фикрни сайқалловчи мунозараларга ўрин бериш, ижодий ишларга урғу бериш, фикрлар (талабанинг ўз фикрига эга бўлишига чорлаш) ва маҳсулотлар (компьютерлар ва онлайн дастурлар) билан таъминлашни билдиради.

Aммо булар олий таълимдаги даражамизни яхшилаш учун иккиламчи омил бўлиб, бирламчи омил – китоб ўқишни йўлга қўйиш. Ҳа, ишонинг, бирламчи омил компьютерни яхши билиш, кийиниш ёки энг замонавий биноларда таълим олиш эмас, балки айнан кўп китоб ўқиш. Модомики, талаба соҳаси бўйича етарлича китоб ўқимаса инновацион таълим методлари ва замонавий технология асбоблари таълим даражамиз яхшиланишига омил бўлолмайди, талабаларимиз кучсиз бўлиб қолаверади. Китоб ўқиш ҳамон илмий жараёнлар замиридаги энг муҳим асос бўлиб қолмоқда.

Бизда эса, гарчи сўнгги 2-3 йил ичида китоб ўқишга рағбатлантириш кузатилаётган бўлса ҳам, китоб ўқиш ўрнига «ислоҳот» ва «инновация» сўзларини кўп ишлатиш «асос» бўлиб қолмоқда. Биз бу сўзларни суиистеъмол қиляпмиз.

Нима қилиш керак? Китоб таржимаси сафарбарлигини бошлаш керак. Нега энди айнан таржима? «Ўзимизнинг олимларимиз йилига юзлаб, минглаб китоблар чиқариб ётибди-ку?», деган савол берилиши мумкин. Сабаби, бизда, минг афсуски, ҳам ижтимоий ва ҳам аниқ фанлар соҳасида XXI аср савиясидаги китоблар ёзилмаяпти. Буни, аччиқ бўлсада, тан олишимиз лозим. Иқтисодчи, биолог, кимёгар, доктор, ҳуқуқшунос, геолог ва тилшунос дўстларимдан сўраб кўрдим: «соҳаларингизда дунёдаги энг сўнгги назария, янгилик ва ўзгаришлар акс этган китоблар Ўзбекистонда ёзиляптими» деб. Деярли ҳаммасидан «йўқ» деган бир хил жавобни олдим.

Биз кенг миқёсдаги таржима кампаниясини бошлашимиз керак. Ўрта асрларда, Ислом уйғониши даврида китоблар қандай миқёсда таржима қилинган бўлса, биз ҳам шу миқёсда соҳалар бўйича китоб таржимасини йўлга қўйишимиз керак. Чунки ҳозирда бизда бор aдaбиётлaр дaвр талабига жaвоб бермaйди!

Ўзбекистон университетларидаги мавжуд адабиётлар қай даражада дунё стандардларидан узилиб, қолоқ ҳолга келганини бир неча аччиқ мисоллар билан кўрсатаман:

– Ижтимоий ва табиий фанлар бўйича бакалавр дипломини олиб, ривожланган (AҚШ, Ғарбий Европа, Жанубий Корея, Япония) давлатларга магистратура босқичига борган йигит ва қизлар билан гаплашиб кўрдим. 90 фоизидан кўпи «биз юртимизда ҳеч нарса ўқимай юрган эканмиз, бу ёққа келиб фундаментал билимларни бошидан бошлаб ўзлаштиришга мажбур бўлдик» дейишди.

– Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, Япониядаги университетларга келадиган аксарият талабаларимиз бошида жуда қийналишади. Аммо улар билан бир хил дастур бўйича келган AҚШ, Европа, ҳатто Ҳиндистон ва Хитойдан бўлган талабалар қийналишмайди. Нега? Чунки хоҳ ижтимоий, хоҳ табиий фанлар бўлсин, уларда ўқитилаётган дарсликлар ўзаро бир-бирига анча яқин ҳисобланади. Инчунун четга чиқишса ҳам, баъзи бир тизим фарқларини ҳисобга олмаса, жуда тез кўникиб кетишади. Aммо ўзбекистонлик талабалар учун дастлабки йил жуда оғир кечади – улар ўзларига мутлақо нотаниш бўлган китоблар ва билимлар билан тўқнашишади.

– Бизнинг Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси, Вестминстер ва Инҳа каби, дунё стандардларига яқин китоблардан фойдаланиладиган университетларда таълим олганлар, чет эл нуфузли университетларига кўпроқ киришади.

– Таққослаш учун: дунёнинг нуфузли нашриётларидан чиққан (айниқса табиий фанларга доир) китоблар камида 1500-2000 саҳифадан иборат бўлади, суратлар ва схемаларга тўла саҳифалари талабани бошини кўтармай ўқишга мажбур қилади. Бизда эса китоблар саҳифалари жуда қисқариб кетган: нари борса 400 ёки 500 бет, талабада тасаввур уйғотувчи суратлардан фойдаланилмайди. Биология, кимё ёки геология соҳаларга оид китобларни олиб, Ғарбда чиққан шундай китоблар билан солиштириб кўринг, ер билан осмонча фарқни кўрасиз. Балки шунинг учун ҳам талабаларимизни узоқ муддат университет кутубхоналарида ушлаб қола олмаяпмиз. Даражаси юқори адабиётлар танқислиги ва ичи «қуруқ» адабиётлар талабаларимизни ўқишдан совутмоқда.

Инчунун, биз табиий фанлардан бошлаб дунё тан олган дарсликлар таржимасини тезда йўлга қўйишимиз керак. Япония, Корея, Тайван каби давлатлар ўз ривожланиш одимларини шундай бошлаган. Бу йўналишда энг машҳур давлат – Германия. Немис профессорларининг бу соҳадаги меҳнаткашликлари дунёга достон.

Шу ерда савол туғилади: инглиз тилини мактабларда яхши ўқитишга шунча эътибор бериляпти, китобларни инглиз тилининг ўзида ўқиса бўлмайдими? Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, инглиз тилида ёзилган китобларни бемалол ўқиб, тушуна бошлашим учун чет элда камида 5 йил сарфладим. Ҳалиям мактаб чоғимда ота-онам ўқишимга эътиборли бўлишгани, инглиз тили ўқитувчим яхши бўлгани, қўшимча дарсларга борганим, чет элда ўқиганим билан шунча... Тақдири бошқача кечган талабалар яхши китобларни ўқиш имконияти янада қийинлашади. Кейин, барчадан бирдек чет тили бўйича кучли бўлишни талаб қилиш ҳам тўғри эмас, чет тилини баъзилар яхши ўзлаштиради, баъзилар – пастроқ.

Тарихий ҳақиқат – айнан китоб таржимонлиги маданиятини юзага келтириб, араб таржимонлари юнон файласуфлари асарларини таржима қилишди ва уларни зулматга чўмган Европага қайтариб беришди. Айнан керакли ижтимоий ва табиий фанлар бўйича энг керакли китобларни Мейдзи даврида оммавий таржима қилган японлар мустамлакачилик асоратидан қутулишди.

Кейинчалик, масалан, Корея ва Хитойда япон тилидаги китоблар маҳаллий тилларга ўгирилди, бу давлатлар ўз ривожланиш йўллари давомида Япониядан жуда кўп нарсаларни ўзлаштиришди.

Бундан ташқари, таржимонлик орқали янги сўзлар тилимизга кириб келади, тилимиз тараққий этади, билим ёйилади.

Бир қанча талабаларимиз чет элларда ўқияпти, шунинг ўзи етарли эмасми? Шундай эътироз ҳам билдирилиши ҳам мумкин. Аммо бир ёшни чет элга чиқариб ўқитиш давлат ғазнасига юк бўлади. Кейин, чет элда олинган билимлар тор доирадаги инсонлар орасида қолиб кетади. Китоблардан эса бутун миллатнинг ёш-у қариси фойда кўриши мумкин.

Юзлаб соҳалар бўйича минглаб илмий китоблар ўз таржимасини кутмоқда. Бунча китобни бирданига таржима қилиш қийин. Aммо бу ишни бошламоқ берак. Сўнгги пайтларда университетлар биноларини, техник анжомлар ва мебелларни яхшилашга миллиардлаб сўм маблағ ажратиляпти. Аммо кутубхоналарни янгилаш иши оқсаяпти.

Илмий китобларни таржима қилиш ҳозирги кунда оғриқли масала бўлиб турган замонавий мактаб дарсликларини яратишга ҳам ажойиб замин бўлади. Замонавий мактабларимиз бўлсаю, замонавий китоблар бўлмаса! Бизда дарсликлар масаласида ҳақиқий «update system» ишламай қўйган. Ҳозирда тан олинган дарсликларни таржима қилиш мана шундай катта камчиликни тўлдириб кетади, деб ишонаман.

Хитойда таҳсил олаётган ҳамюртимиз Бахтиёр Шералиевнинг Фейcбук саҳифасидаги постидан:
«9 синфлар учун янги биология дарслиги нашрдан чиқди. Лекин у чиндан ҳам янгими?...Тўғриси, дарсликни варақлар эканман, салкам 500 минг нусхада чоп этилган ушбу дарсликни кўриб давлат сарфлаган пулга ачиндим. Дарслик ҳақида фикрларимни батафсил таҳлилий мақола кўринишида ифодалашни ният қилиб қўйдим. Ҳозирда дарслик экспертизаси билан шуғулланмоқдаман. Ишонасизми, ҳар бир мавзусида илмий жиҳатдан камчиликлар ва хатоликлар чиқмоқда. Улар бир-иккита эмас! Мана нима учун бизнинг биологлар халқаро биология олимпиадаларида ўрин олмайди, мана нима учун бизнинг биологлар ҳамон ўтган аср биологияси қобиғини ёриб чиқиб кета олмаяпти».

Баъзи амалий ечимларни айтиб ўтсам:
– Ҳар бир соҳа бўйича энг устувор ва фундаментал билимларни берадиган илмий китоблар рўйхатини тузиб чиқиш лозим. Ундан кейин енг шимариб ишга тушиш керак. Бу масалада чет элдан ҳар бир соҳа олимига мурожат этилиб, фан китобларимиз бирма-бир экспертизадан ўтказилса, ҳолатимиз қандайлиги аён бўлади.

– Google Translate билан ҳамкорлик қилиш, уни бойитиш ва мукаммаллаштириш, ўзбек тилига таржима жараёнини яхшилаш ва тезлатишимиз даркор. Тошкентдаги Жаҳон тиллари университетида бундай лойиҳалар қилиняпти, аммо бу ишни давлатнинг стратегик даражасига чиқариш керак.

Билимларни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга узоқ муддатли лойиҳа деб қараш керак. Чунки китоб таржимаси вақт ва қунт талаб этадиган машаққатли жараён бўлиб, осонгина – 1-2 йилда тугалланмайди. Зеро, гап минглаб китоблар ҳақида кетяпти.

«Ўзингиз бу йўналишда нима қиляпсиз?» дейишингиз мумкин. Тошкент Давлат юридик университетининг ёш ва ғайратли ўқитувчилари билан бирга 8 томлик «Япония ҳуқуқ тизимига кириш» китоблар серияси таржимасини бошладик. Биринчи қисми тугалланиш арафасида ва у Конституция кунимизга қолмай юридик соҳада ўқиётган ўзбек китобхонлари қўлида бўлиши режалаштирилган.

Aлишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети профессори,
ҳуқуқ фанлари доктори

Manba: zamin. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!