Олий суд "ХТВ ва Қобил Дўсов можароси" юзасидан баёнот берди

Олий суд "ХТВ ва Қобил Дўсов можароси" юзасидан баёнот берди

Даъвогар – Халқ таълими вазирлиги жавобгар – Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига мурожаат қилган.

Ушбу даъво ариза иш юритувига қабул қилиниб, ҳозирги кунда фуқаролик иши қўзғатилган.

Дастлабки суд мажлисларида фуқаролик иши бўйича тарафларнинг баёнотлари, гувоҳ кўрсатмалари олиниб, суднинг 2020 йил 23 сентябрь кунидаги ажримига кўра фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистика экспертизаси тайинланиб, уни ўтказиш Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклатилган ва фуқаролик иши иш юритишдан тўхтатилган. 

Мазкур фуқаролик иши экспертиза хулосалари олинганидан сўнг тикланиб, судда кўрилиши давом эттирилади. 

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда турли бахс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган айрим журналист ва блогерлар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси (оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги) нинг талабларига яна бир бор қаратмоқчимиз. 

Унга кўра, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Шуни ёдда тутиш керакки, суд – мустақил ҳокимият. У кимнингдир фикри ва талаби билан иш тутмайди. Суд фақат қонунга таянади, далилларга асосланади. 

Бош қомусимизнинг 112-моддасида: “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деб қайд этилган.

Албатта, демократик ҳуқуқий давлатни сўз эркинлиги, яъни фикрлар хилма-хиллиги тамойилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тараққий этган давлатларда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги тараққиётни ҳаракатга келтирувчи муҳим куч сифатида юксак қадрланиши ҳам шундан. Бу муҳим омиллар эса, ўз навбатида, қонун устуворлиги тамойилига бўйсунади. 

Бироқ, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигини хаёлга келган гапни айтиш, бировни ҳақорат қилиш, шахс қадр-қиммати ва шаънини ерга уриш қабилида тушуниш калтабинликдан бошқа нарса эмас.

Сўз эркинлиги юксак масъулият ва маданият белгисидир. Бу тамойилга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиш талаб этилади.

Мамлакатимизда судлар очиқ-ошкор (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) фаолият юритади. Суд жараёнларида ҳар ким бемалол иштирок этиши мумкин. 

Аммо баъзи журналистлар ва блогерлар суд жараёнида иштирок этаркан, ҳали суд ҳукми ёки қарори ўқиб эшиттирилмай туриб, бу ҳақда тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилади. Бу ҳам – судга, судьяга босим ўтказишнинг бир кўринишидир.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, суд ишига асоссиз аралашиш, судьяни ҳурмат қилмаслик мавжуд қонунларга беписандлик сифатида баҳоланишини унутманг. 


Ўзбекистон Республикаси 
Олий суди матбуот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!