Огоҳ бўлинг! Банкоматлар пулингиздан "уриб қолиши" мумкин

Огоҳ бўлинг! Банкоматлар пулингиздан "уриб қолиши" мумкин

Ўтган шанба — 8 июнь куни жуда қизиқ иш бўлди, деб ёзмоқда андижонлик журналист Нурулло Нўъмонов «Алдоқчи банкомат» мақоласида.

Нақд пулга эҳтиёж сезиб, ҳамкасблар «Асакабанк»нинг Андижон шаҳрида «24/7» режимида куну тун хизмат кўрсатувчи, бир уринишда 5 миллион сўмгача нақд пул «ечиб» олиш мумкин бўлган шохобчасига бордик. Тахминан йигирманчи бўлиб навбатга турдик.

Эътибор берсангиз, пластик картасидаги маблағни нақдлаштирган аксарият мижозлар пулни санамасдан киссага уришади. Чунки тасаввуримизда банкомат компьютерлаштирилган, аниқ ишлайди, алдамайди, деган тушунча бор. Биздан олдин пул «ечган»лар ҳам балки шу ўйга боришганидан, эҳтимол, навбати келгунча кутиб зерикканидан, пулни санамасдан чўнтакка солиб чиқиб кетишди. Аммо... банкомат ҳам алдаркан!

Навбатда турганлардан бири пластик картасидан 400 минг сўм пул «ечди». Банкомат эса унга... 200 минг сўм санаб берди. Мижоз пулнинг «чўғи» камлигини сезиб, ҳаммани ҳушёрликка чорлади: «Одамлар, банкоматдан чиққан пулларни сананглар!»

Шундан сўнг «эксперимент» бошланди. Ажабки, «операция» бир хил давом этаверди. 7 киши пластик карталаридан банкоматга 250 минг уриб, 125 минг сўм, 200 минг уриб, 100 минг сўм... қисқаси, тенг ярмига «ечиб» олдилар.

Шанба банкларда иш куни эмас. Алданган мижозлар шовқин-сурон кўтаришди. Зум ўтмай, масъул ходим етиб келди. Пластик карталар текширилди. Банкомат ҳаммани «алдабди». Ҳисоб-китоб жой-жойига қўйилди.

— Нега бунақа бўлди?

Бу саволга банкоматга масъул бўлган мутахассис изоҳ берди: «Кассеталар алмашиб қопти!»

Тушундикки, банкоматнинг 10 минг сўмлик ва 5 минг сўмлик купюралар солинадиган кассеталари ўрни алмашиб қолган. Хатоликнинг асосий сабаби шу.

Айни мавзуда бонг уришдан мақсад — банкоматга тез-тез иши тушадиган мижозларни огоҳлантириш, холос. Пластик картадан нақдлаштирдингизми, пулингизни эринмай санаб қўйинг. Тағин ҳисобингиз чиқмай, хуноб бўлиб юрманг, «кассеталар алмашиб қолиши» мумкин!

Manba: xabar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!