Одил судловни таъминлаш – суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бош мақсади

Одил судловни таъминлаш – суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бош мақсади

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир.

Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни "Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар" муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда эканлигини, лекин, халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқлиги сабабли суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, судьялар мустақиллигини ва одил судловни амалга оширишни таъминлаш юзасидан аниқ чора ва вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилганлигини, энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан йиғилишда қўйилган яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетганлиги, хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаганлиги эътироф этилди.

Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаганлиги, шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечиш ҳақида кўрсатмалар берилди. Бу ўз йўллида фуқароларни сарсон саркардонлигини олдини олиб, ишларни тез ҳал қилиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, Президент Ш.Мирзиёев йиғилишда судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди.

Жиноят процессуал қонунчилигига кўра, судлар томонидан чиқарилаётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим. Ҳеч кимга сир эмас айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолганлиги, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади. Шу нуқтаи назардан Президентимиз, судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидлаб, одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади.

Шу боис судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Йиғилишда, ушбу қонуннинг нормасини аниқ ва бир хилда бажарилишини таъминлаш мақсадида, Президентимиз томонидан судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувни олдини олиш учун, судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш масаласи қўйилди.

Шу билан бирга йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан яна бир муҳим масала - суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласи қўйилди.

Рақамли технологиялар бугунги давр талаби эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз томнидан жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди. Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади. Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди.

Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклиги тўғрисидаги Президентнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир судья ва суд ходими жуда катта масъулият ва фидойилик нуқтаи назаридан тўз вазифамизга ёндошишимиз, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган ушбу вазифаларни фуқароларимизни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида сидқи дилдан бажаришга халқимиз олдида ва Президентимиз олдида масъуллигимизни унутишимиз керак эмас.

 

Фаррух Тўраходжаев,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси,

Санжар Абдуганиев,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Мухаммад Қаюмов,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!