Одил Аҳмедов: «Миллий терма жамоада кўпроқ ҳимоявий футболга эътибор берилмоқда» (видео)

Одил Аҳмедов: «Миллий терма жамоада кўпроқ ҳимоявий футболга эътибор берилмоқда» (видео)

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 октябрдан буён Тошкентда йиғин ўтказмоқда. 10 октябрь куни жамоа илк марта тўлиқ таркибда машғулотлар олиб борди. Терма лагерига охирги бўлиб Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов етиб келди.

«Kun.uz» мухбири навбатдаги машғулотлар олдидан Ўзбекистон термаси сардоридан қисқа интервью олди. 

- Эктор Купер тактик ўқув машғулотларида кўпроқ қайси жиҳатларга урғу беряпти?
- Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша тактикаси ва иш услуби бўлади. Кўпроқ ҳимоявий футболга қаратиляпти. Ўша тарафлама бошқа мураббийлардан фарқ қилиши мумкин.

- Тил борасида муаммо ва тушунмовчиликлар бўлмаяптими?
- Таржимон бор. Қолаверса, футболда кўп нарсалар терминлар билан номланади ва уларни футболчиларнинг ҳаммаси тушунади. Шунинг учун, менимча, [тил борасида] муаммо йўқ.

- Терма жамоа қаторасига 9 та ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. Бу ўйинларда урилган 2 та гол урилган, улар ҳам пенальтидан... 
- Ҳозир руҳий тарафдан бизга бироз қийин. Чунки ғалаба жуда ҳам керак. Бу ўртоқлик учрашуви бўладими, [бунинг аҳамияти йўқ]. Ҳозир ўн учинчида бўладиган ўйинга яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонсак, менимча ҳаммаси жойига тушиб кетиши керак.

- Осиё кубогида ЖЧ-2018 иштирокчиси Япония билан бир гуруҳдан жой олганмиз. Январгача японларга ва умуман Осиё грандларига муносиб қаршилик кўрсата олувчи рақибга айланишимиз мумкинми?
- Бу мураббийнинг тактикаси бошқача. Уни йигитларга сингдириш учун 1-2 ҳафта етмайди. Ҳар бир мураббий ўз ишини кўрсатиши учун анча вақт керак. Ўйлайманки, Осиё чемпионатигача муайян натижага эришса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон термаси 13 октябрь куни Корея Халқ Демократик Республикаси, 16 октябрда Қатар термалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказади. Ҳар иккала баҳс ҳам «Миллий» стадионда, соат 19:00 да бошланади.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!