Одил Аҳмедов Элит ОЧЛ қуръасида иштирок этади — Роналду Ўзбекистонга келиши мумкин

Одил Аҳмедов Элит ОЧЛ қуръасида иштирок этади — Роналду Ўзбекистонга келиши мумкин

Криштиану Роналду тўп сурадиган «Ан-Наср»нинг Тошкент ёки Фарғонага келишини Одил Аҳмедовнинг «ҳал қилади».

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ сардори 18 август куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказиладиган Осиё Чемпионлар лигаси Elite мусобақаси лига босқичига қуръа ташлаш маросимида иштирок этади.

Қуръа маросими маҳаллий вақт билан соат 16:00 да Grand Hyatt Kuala Lumpur меҳмонхонасида бошланади. Унда 2026/27 йилги мавсум лига босқичида жамоаларнинг рақиблари ҳамда учрашувларнинг уй ёки сафарда ўтказилиши аниқланади.

Ўзбекистондан «Нефтчи» ва «Пахтакор» Ғарбий минтақа қуръасида иштирок этади. «Ан-Наср» ушбу клублардан бирига сафар рақиби сифатида тушса, Саудия Арабистони жамоаси мос равишда Фарғона ёки Тошкентга келади.

Шу тариқа, қуръа натижаси Криштиану Роналду ва «Ан-Наср» юлдузларининг Ўзбекистонда майдонга тушиш-тушмаслигини ҳам белгилаб беради.

«Пахтакор» саралаш босқичида Иорданиянинг «Ал-Ҳусайн» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, лига босқичига йўлланма олди. Тошкентликларнинг голларига Достонбек Ҳамдамов икки марта ва Башар Ресан бир марта муаллифлик қилди.

2026/27 йилги мавсумдан Осиё Чемпионлар лигаси Elite иштирокчилари сони 24 тадан 32 тага оширилди. Осиё футбол конфедерацияси қуръа 18 август куни Куала-Лумпурда ўтказилишини расман тасдиқлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Б