Одам ўлдириб, 13 йил қидирувда бўлган андижонлик эркак 19 йилга қамалди

Одам ўлдириб, 13 йил қидирувда бўлган андижонлик эркак 19 йилга қамалди

Андижон вилоятида қотиллик ва бошқа жиноятларни содир этишда айбланиб, 13 йил давомида қидирувда бўлган шахс қўлга олинди. Ҳамда суд ҳукми билан 19 йил 6 ой муддатда озодликдан маҳрум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расуловнинг маълумот беришича, муқаддам уч маротаба судланган 60 ёшли Мурод Холмуродов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноий шериклари билан белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиқиш ва кириш, ўқотар қуролни контрабанда қилиш йўли билан олиб ўтиш, сақлаш, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик, ўзганинг мол-мулкини босқинчилик билан талон-торож қилиш каби ўта оғир жиноятларини содир этган.

Ойдинлик киритилишича, Мурод Холмуродов 2007 йилнинг октябрь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи Аваз исмли шахснинг уйида аввал ҳам жиноят содир этиб, судланган Ўзбекистон фуқаролари — Собир, Бобур ва Нодирлар билан учрашган. Учрашув давомида учовлон Балиқчи тумани Шераличек қишлоғида яшовчи, тадбиркор Исломнинг моддий бойликларини қўлга киритиш мақсадида жиноий тил бириктирган. Режани амалга ошириш мақсадида 2007 йилнинг октябрь ойи охирларида қирғизистонлик номаълум шахсдан «ПМ» русумли пистолет ўқ отар қуролини 1500 долларга сотиб олиб, қуролни ноқонуний тарзда контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирган.

Мурод Холмуродов 2007 йилнинг 22 ноябрида шериклари билан биргаликда қотиллик жиноятига тайёргарлик кўрган ва 23 ноябрь куни соат 18:00 да Тиcо автомашинасида Шераличек қишлоғидаги қабристон олдига келиб, қабристон орқали Ислом исмли фуқаронинг яшаш хонадонига бостириб кирган. Мурод Холмуродов қўлидаги пичоқнинг орқа қисми билан Исломнинг турмуш ўртоғи Моҳиранинг бош соҳасига қасддан уриб, унинг қўл-оёқларини арқон ва скотч билан боғлаган. Пул сўраганда буни бажармаган хонадон эгасини эса хотининг кўз олдида отиб ўлдирган.

Сўнгра жиноятчилар хонадонда бўлган сейф ва сандиқларни титкилаб, хонадон эгаларининг 13 миллион сўмдан ортиқ мол-мулкларини босқинчилик йўли билан талон-торож қилган. Шундан сўнг Мурод Холмуродов жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида Тошкент вилояти орқали Қозоғистонга ўтиб, бир неча йиллар давомида яшириниб юрган.

2019 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида яшовчи яқин қариндошларини кўриш мақсадида такроран чегарани бузиб, айланма йўллар орқали ноқонуний йўл билан Ўзбекистонга киришга уринган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан суд Мурод Холмуродовни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246-моддаси (контрабанда), 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан айбдор деб топиб, 19 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!