ОАВга нотўғри маълумот тақдим этган Самарқанд вилояти ИИБ ходимига чора кўрилди

ОАВга нотўғри маълумот тақдим этган Самарқанд вилояти ИИБ ходимига чора кўрилди

Самарқандда тунги рейд тадбири давомида ТИР-паркда 22 нафар енгил табиатли аёл ушланганлиги ҳақида ОАВда берилган хабарда ТИР-парклар номи нотўғри кетиб қолгани учун Самарқанд вилояти ИИБ ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

27 июндан 28 июнь кунига ўтар кечаси Самарқанд вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимларидан иборат тузилган гуруҳлар томонидан Оқдарё тумани ҳудудида жойлашган «Аксойлар» МЧЖ, «Хан-Голд сервис» ва «Феруз транс сервис» МЧЖ номли ТИР-паркларда ўтказилган тадбирлари давомида енгил табиатли аёллар ушланган.

Автотураргоҳларда дам олиш мақсадида тўхтаган чет эл фуқаролари билан автомашина кабиналарида бўлган вақтларида ушланган енгил табиатли аёллар Оқдарё туман Ички ишлар бўлимига олиб келиниб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 190-моддаси (Фоҳишалик билан шуғулланиш) тартибида маъмурий баённомалар тузилган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан 3 июль куни оммавий ахборот воситаларида «Хан-Голд сервис» ва «Феруз транс сервис» МЧЖ ТИР-паркларининг ўрнига «Делнатали транс» ва «Тимур сервис» номли ТИР-парклар номи кетиб қолганлиги аниқланган.

Ушбу хатога йўл қўйлган ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, тегишли интизомий таъсир чоралари қўлланилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!