ОАВда “кўринмас жанг” бошланди: пичоқлашиш «мода»ми ёки «синдром”?​

ОАВда “кўринмас жанг” бошланди: пичоқлашиш «мода»ми ёки «синдром”?​

Бугунги кун оммавий ахборот воситалари олдидаги катта эҳтиёжлардан бири – аудиторияни мунтазам жалб этишдан иборат. Замонавий ўзбек аудиторияси “шаблон” ахборотни олишдан бош тортмоқда. 

Охирги йилларда электрон нашрлар ўртасида “кўринмас жанг” бошланди, десак муболаға бўлмайди: ким олғиру, ким пешқадам?!

Инсоният ахборот оқими тобора тезлашган, қолаверса, тафаккур тарзини ўзгартиришга қодир бўлган, ахборот технологияси вужудга келган бир даврда яшамоқда.

Бу ҳозирги замон тамаддунининг ўзига хос ютуғи бўлиб, жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнларини бошқаришга, дунёвий кайфият, дунёвий руҳият ва маслакнинг вужудга келишига хизмат қиладиган мўъжизакор ҳодисадир.

Бироқ тамаддуннинг ана шундай улкан, «кенг миқёсли ва серқирра ютуғидан ким қандай масалаларда фойдаланяпти? Унинг беқиёс қудратли кучи нималарга ишлатиляпти?» деган ҳақли савол ҳам муаммога айланмоқда.

САРЛАВҲА – ЯРИМ МАҚОЛА…

Сўнгги йилларда аксарият интернет нашрлар фаолиятида “пичоқлашиш «мода»си ёки синдром”и пайдо бўлганлигини кузатамиз. Сарлавҳа ярим мақола дейишади.

Буларга қаранг… “Самарқандлик шифокор пичоқлаган эркак шифохонага етмай жони узилди”, “Фарғонада қайнота келинини пичоқлади”, “Тошкентда рашк туфайли эр хотинини пичоқлади”, “Хоразмда қиз отасининг қотилига айланди”, “Тошкентда 19 ёшли қиз тунги клубда икки йигитни пичоқлади”, “Қорақалпоғистонда йигит қабристонда севгилиси ва ўзини пичоқлади”, “Хўжайлилик фуқаро рашк қилиб ўзи ва рафиқасига пичоқ урди”, “Самарқандда онасини рашк қилган йигит ўзидан 20 ёш катта эркакка 32 марта пичоқ урган”…

Рўйхатни давом эттириш мумкин. Бундай сарлавҳали мақолалар остида шарқликларга хос “бағрикенглик, тотувлик, оилапарварлик, кечиримлилик” туйғуларига “пичоқ” урилаётгандек…

Хўш бундай хабарларнинг аудиторияси ким?! Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, айнан ушбу турдаги янгиликларнинг 60 фоиз ўқувчилари 14-25 ёшгача бўлган ёшлардир. Улар айнан кучга тўлган, аниқ мақсадлар сари интиладиган, аниқроқ айтганда, “қони қайнаб турган” пайтидир.

Психологларнинг фикрича, шу даврда олинган ахборот, унинг қандай инсон бўлиб шаклланишига сабаб бўлади.

– Психологлар кўпинча ўз чиқишларида оммавий ахборот воситаларидан криминал руҳдаги материалларни бермасликни сўрайди, – дейди психолог Муҳаббат Икрамова. – Бундай мақолалар жиноятчиликнинг олдини олиш учун эмас, балки уни тарғиб қилади. Чунки инсон шундай мавжудотки, у нимадир ишни тақиқласа, уни қилиб кўришга шошилади. Масалан, яқинда отасини пичоқлаб қўйган бола билан гаплашдим. У ўн ёшда! Аммо қилган ишидан умуман афсусланмаяпти, билъакс отасини ўлдирганидан фахрланишини айтмоқда. Негаки, унинг фикрича, отаси шунга лойиқ. Ёшларда бундай “онгсиз” дунёқарашнинг шаклланишига оммавий ахборот воситаларнинг таъсири катта. Кунора веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда камида учта пичоқбозлик ҳақида материал эълон қилинади. Натижада руҳияти ожиз кишида тескари пропорсионал информация онгига таъсир қилиб, кимдир айб иш қилса, бу уни кечирмаслик кайфияти сингдирилади. Агар биринчи “план”га “пичоқлади” сўзини эмас, жиноятга жазо муқаррарлиги олиб чиқилса, ўйлайманки, яна бир содир бўлиши мумкин бўлган жиноятнинг олди олинган бўларди…

АСАЛНИНГ ҲАМ ОЗИ ШИРИН…

Бугунги кунда интернетда криминал ахборот кўлами кенгайиб бораётгани барчага маълум. Криминал ахборот аудитория эътиборини жалб қилиб, киши психологиясига самарали таъсир ўтказиши қатор тадқиқотчилар томонидан исботланган. Шу сабабли нафақат миллий журналистикада, балки жаҳон амалиётида ҳам криминал ахборотга бағишланган кўрсатувлар сони ва кўринишлари кун сайин кўпайиб бормоқда.

Уларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саҳналар, журналист нутқидаги факт ва далилларга алоҳида урғу бериш, эксклюзивликка интилиш, жиноятчиларга нисбатан муайян кайфиятни ҳосил қилиш орқали таъсир ўтказиш қобилиятига эга.

Телеканалларда намойиш этилаётган жангари фильмларда яшаш учун кураш ғояси тарғиб этилади. Улар ёшлар онгини заҳарлаб, маънавий қадриятларимиздан узоқлаштириш ва манқуртликка мубтало қилиб бориши ўз-ўзидан аён ва очиқ ҳақиқатдир.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ва криминал ахборотларнинг берилиш сабаби кишиларда қонун устуворлиги ва жиноятнинг жазосиз қолмаслиги ҳақидаги тасаввурларни кенгайтириш ўрнига, журналистлар томонидан шов-шув орқали ким ўзарга ҳаракат қилинмоқда. Натижада криминал ахборот инсон онгига салбий таъсир кўрсатиб, ўз ниҳоясига етмай қолган жиноятини якунига етказиш учун йўриқнома ёхуд қўлланма вазифасини ўтаётир.

Айтиш мумкинки, ҳар қадамда қотиллик, қонхўрлик саҳналарига дуч келаверишимиз кишида совуққонлик, лоқайдлик ва ҳуқуқ тартибот соҳаларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқаради.

Ахборот пичоққа ўхшайди, яъни у яхши инсон қўлида ижод воситаси, ёмоннинг қўлида эса жиноят қуролидир. Ҳар қандай ахборотни холис узатиш, журналистнинг биринчи вазифаси бўлиши керак.

У миллат келажагини тарбия қилиш ишларида ҳиссадор. Демак, жиноятчиликнинг кўпайишига биз ҳам бирдек айбдормиз. Чунки жамиятни ахборот билан таъминлайдиган соҳа ходимлари журналистлардир.

Қачонки ўзимизда миллат келажагига масъулият ҳисси уйғонар экан, айтиш мумкинки, шунда журналистика миллат кўзгусига айланади. Аммо бу криминал ахборотларни бутунлай аудиторияга узатмай қўйиш керак дегани эмас. Гап хабарнинг қандай усулда узатилишида…

ХУЛОСА…

Япония психологлари ўн беш йил мобайнида беш юздан ортиқ инсонларнинг ҳаёт тарзини кузатган. Улар икки гуруҳга ажратилган. Дастлаб, 250 кишига криминал ахборотлар берилган, қолганларига бу тақиқланган.

Натижада ҳар куни икки маротаба криминал дастур томоша қилган биринчи тоифага мансуб 250 нафар фуқаронинг 220 нафари, криминал ахборот кўриши чеклаб қўйилганлар ичида эса 15 нафари жиноятга қўл урган.

Кўриниб турибдики, жиноятга мойил ахборот қанча кўп берилар экан, жиноятчиликка шунча йўл очади. Хулоса ўзингиздан…

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари 

федерацияси етакчи мутахассиси

Manba: hidoyat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!