ОАВ: шаҳзода Салмон Қошиқчи қотиллигидан сабоқ олмади

ОАВ: шаҳзода Салмон Қошиқчи қотиллигидан сабоқ олмади

Шаҳзода Салмон ўзининг импульсив хатти-ҳаракатларини ўзгартиришидан йироқ, деб хабар беради Анадолу.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилганидан сабоқ олмади ва бу жиноятда асосий гумондор ҳисобланган Сауд ал-Қаҳтоний билан мулоқат қилишда давом этмоқда. Бу хақда The Washington Post газетасида чоп этилган Америкалик журналист Девид Игнатиуснинг мақоласида маълум қилинган.

Материал муаллифи Жамол Қошиқчининг ўлдирилишидан кейин 100 кун ўтганини эслатиб ўтади.

Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони расмийлари, саудиялик валиаҳд шаҳзода Трамп маъмуриятининг умидларига қарамасдан, ўзининг импульсив хатти-ҳаракатларини ўзгартиришдан йироқ ва Қошиқчи қотиллигидан сабоқ олмаган. У, аксинча, мамлакатни якка ҳоким сифатида бошқаришда ва мухолифатни таъқиб қилишда давом этмоқда , деб ёзади Игнатиус.

Муаллиф Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан яқинда учрашган АҚШ расмийсининг сўзларини келтиради.

У [Муҳаммад бин Салмон] назорати остидаги мамлакатда, ўзини хавфсиз дея ҳис этади. Токи асослари бузилмагунча, унга ҳеч нарса хавф солмайди , - дейди манба.

Буюк Британиядаги саудиялик экспертлардан бири ҳам шаҳзода Салмоннинг Қошиқчи ўлдирилишидан сабоқ олмаганига ишонади ва бу Ғарб ҳукуматларига таҳдид солади, деб ҳисоблайди.

Мақолада, шаҳзода Салмон, Қошиқчи ўлдирилишининг энг асосий ташкилотчиси дея кўрилаётган, яқин маслаҳатчиси бўлган Сауд ал-Қаҳтоний билан мулоқот қилишда давом этмоқда, дея таъкидлаб ўтилади.

Ал-Қаҳтоний валиаҳд шаҳзодага маслаҳатлар беришда давом этмоқда, дейилади мақолада.

Эслатиб ўтамиз, The Washington Post газетаси билан ҳамкорлик қилиб келган, таниқли саудиялик журналист Жамол Қошиқчи, Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консулхонаси биносида 2018 йилнинг 2 октябрида ўлдирилган эди.

Тергов натижаларига кўра, Туркия Бош прокуратураси журналист режали қотиллик қурбони бўлган деган хулосага келди. Қошиқчи элчихона биносига кириб кетганидан сўнг, ўша пайтда бўғиб ўлдирилган эди.

Қотилликдан кейин Қошиқчининг танаси парчаланиб, йўқ қилинди. Туркия Қошиқчи иши бўйича суд жараёнини Истанбулда ташкил қилиш билан чиққан ва журналистни ўлдиришда иштирок этганларни экстрадиция қилиш учун Ар-Риёдга мурожаат қилган.

Туркия Президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон ва жаҳон ҳамжамиятининг реакциясидан сўнг, воқеа содир бўлганидан 18 кун ўтгач, Ар-Риёд Қошиқчи подшоҳлик консуллиги биносида ўлдирилганлигини тан олишга мажбур бўлди.

Шу билан бирга, Саудия Арабистони Қошиқчи жасадининг қаердалиги ҳақида маълумот бермади. Анқара, барча ҳуқуқий каналлардан фойдаланишни давом эттирмоқда ва Саудия Арабистонига жиноятчиларни аниқлаш учун халқаро босим ўтказмоқда. Шу билан бирга, Саудия Арабистони Қошиқчи қотиллик иши бўйича янги маълумотларни тақдим этишга шошилмаяпти.

Manba: ufq.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!