ОАВ: Путиннинг "ошпази" ал-Баширга ҳокимиятни сақлашга (муваффақиятсиз) ёрдам берган

ОАВ: Путиннинг "ошпази" ал-Баширга ҳокимиятни сақлашга (муваффақиятсиз) ёрдам берган

Россияда Путин ошпази номи билан машҳур олигарх Евгений Пригожинга яқин маслаҳатчилар Судан президенти Умар ал-Баширга ҳокимиятда қандай қолишни, халқ норозилигини қандай бостиришни ўргатиб турган. Досье маркази берган шу ҳақдаги маълумотларни МБХ Медиа ва CNN телеканали эълон қилган.

Пригожинга қарашли компания таҳлилчилари Судан президентига аҳолининг норозилик кайфиятини бостириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан.

Унда норозилик ҳаракати лидерларини қамоққа ташлаш, медиа эркини чеклаш, санкцияланмаган оммавий ҳаракатлар учун жазони кучайтириш каби тавсиялар ўрин олган.

Лекин энг қизиқ (ва даҳшатли) тавсиялар қуйдагилардир: биринчиси норозиликларга етакчи бўлганларни (ватан хоинларини) намойишкорона ва очиқчасига йўқ қилиш . Иккинчиси эса мародёрларни норози кайфиятдаги омманинг кўз ўнгида қатл этиш ва омманинг эътиборини бошқа томошабоп тадбирлар билан чалғитиш дир.

  • ОАВлар бир неча марта Африканинг турли давлатларида, жумладан, Судан, Ливия, Марказий Африка Республикасида Пригожиннинг бизнес манфаатлари борлиги ҳақида ёзган.
  • Суданни 30 йил бошқарган ал-Башир 12 апрель куни ҳарбий тўнтариш ортидан ҳокимиятдан кетди. Тўнтариш бир неча ойлик норозилик намойишларидан сўнг юз берди.
  • Расмий Москва тўнтаришдан 4 кун ўтиб, Суданнинг янги ҳукуматини тан олди.

Рус маслаҳатчиларининг Африкадаги саргузаштлари нимани англатади: аввалроқ Bloomberg Евгений Пригожин билан боғлиқ сиёсий маслаҳатчилар ва ёлланма жангчилар Африканинг ўнта давлатида фаолият юритаётгани ҳақида маълумот берган.

Евгений Пригожин Владимир Путинга энг яқин олигархлардан бири ҳисобланади. У шунингдек Россия ҳарбий раҳбарияти билан яхши муносабатда. Вагнер хусусий ҳарбий компаниясини ва троллар фабрикаси сифатида машҳур Интернет тадқиқотлари фирмасини Пригожин номи билан боғлайдилар.

Вагнер ХҲК ҳам, троллар фабрикаси ҳам Россиянинг гибрид уруши концепциясида муҳим роль ўйнайди.

Хусусан, Вагнер ХҲК Сурия ва бошқа қайноқ нуқталар да рус ҳарбийларининг нозик топшириқларини бажаради. Троллар фабрикаси ҳам худди шундай нозик топшириқларни бажаради, фақат интернетда.

  • Гибрид уруш деб ноқонуний қуролланган бўлинмаларнинг панасидаги ҳарбий амалиётлар билан бир пайтда сиёсий, иқтисодий, информацион-пропагандистик чораларни ҳам қўллашга айтилади. Бу концепциянинг муаллифларидан бири Россия ҚК бош штаби бошлиғининг ўринбосари генерал Валерий Герасимов ҳисобланади.
  • Россия бундай амалиётларни олис Африкада амалга ошираётган бўлса, ўзининг томорқаси ва ҳаётий манфаатлари ҳудуди ҳисоблаган Марказий Осиёда ҳам шу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмаётганига кафолат йўқ.

Manba: minbar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!