Нуримон Абулҳасан Каъбатуллоҳга кириб, уни ювишда қатнашади

Нуримон Абулҳасан Каъбатуллоҳга кириб, уни ювишда қатнашади

Ўзбекистондан Ҳаж-2018 йил мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Маккаи мунавварада Каъба калитдори (ҳожиби) саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари билан учрашди.    
Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганларидан кейин, унинг назоратини ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга топширадилар. Каъбанинг калити дастлаб Исмоил алайҳиссалом, сўнгра уларнинг авлодларида бўлди. Кейинроқ, калитни Исмоил алайҳиссалом авлодларидан Яманнинг Журҳум қабиласи, сўнгра Журҳумдан Хузоа қабиласи тортиб олди. Бундан XVI асрлар олдин Қусай ибн Килоб Хузоа қабиласи устидан ғалаба қозониб, калитни Қурайшга – Исмоил авлодларига қайтарди.  
Расулуллоҳ (с.а.в.)  насаблари қуйидагича:  Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абулмуттолиб ибн Ҳашим ибн Абдул Манаф ибн Қусай ибн Килоб. Бинобарин, Қусай ибн Килоб Расулулллоҳнинг сав 4-боболари ҳисобланади.  
Қусай ибн Килоб ўлимидан олдин Каъба ҳожиблиги (калитдорлик) катта ўғил Абдуддорга мерос қолди. Шу билан Каъба ҳожиблиги Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккани фатҳ қилиб, ислом нурини муқаддас диёрга қайтаргунларича Қурайшнинг Бани Абдуддор оиласида бўлди. Бу оиланинг раҳбари Усмон ибн Толҳа Макка фатҳидан олдинроқ Холид ибн Валид билан ҳижрат қилиб, исломга кирган эдилар.  Макка фатҳ этилгани куни Расулуллоҳ Усмон ибн Абу Толҳани олдиларига чорлаб:  “Эй, Абу Толҳа ўғиллари, ҳожибликни – калитдорликни авлоддан авлодга абадий мерос ўлароқ олинглар, уни сизлардан фақат золимгина тортиб олади”, дедилар. Шундай қилиб Каъба калитдорлиги баъзи қисқа узилишларни ҳисобга олмаганда 1400 йил давомида Усмон ибн Толҳа авлодлари қўлида сақланган.  
Куни кеча Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан Каъбатуллоҳ калитдорлари бўлган Усмон Ибн Толҳа авлодларининг уйида меҳмон бўлди.  
Буюк саҳобий авлодлари уй музейида Каъбатулллоҳнинг қадимги ва бугунги кундаги калитлари, турли асрлардан сақланиб қолган каъбапўшт парчалари, Каъбани таъмирлаш вақтида унинг остидан топилган қадимий тарихий ашёлар, ёзувлар ва хазиналар сақланади.    
Учрашувда  саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари Имом Бухорий юртини зиёрат қилиш ва  Ҳазрати Имом мажмуасидаги Усмон Мусъҳафини кўриш орзусида эканини айтган.
Нуримон Абулҳасан саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодларини Ўзбекистонга таклиф қилди ва навбатдаги учрашув яқин келажакда Имом Бухорий юртида бўлишига келишиб олишди.
Учрашув сўнггида саҳобий авлодлари Ўзбекистон делегациясини муқаддас Каъбатуллоҳга кириш ва уни ювиш маросимига таклиф этди. Бу шарафли анъана Саудия Подшоҳи иштирокида ўтказилиб, фақат мартабали меҳмонларгагина насиб этади. Хусусан Марказий Осиёдан бу тадбирга фақат Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари Нуримон Абдулҳасан таклиф этилган, холос. 

Manba: qalampir.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!