Нукусда намойишга чиққан аёлларнинг пули қачон берилади?

Нукусда намойишга чиққан аёлларнинг пули қачон берилади?

Аввалроқ Нукус шаҳрида аёллар норозилик намойишига чиққани ҳақида хабар бергандик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

"Айрим электрон оммавий ахборот воситаларида Нукус шаҳрида жамоат ишида қатнашган бир гуруҳ хотин-қизлар уларга меҳнат ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун автомобиль қатнов йўлида норозилик намойиши ўтказганлиги тўғрисида маълумотлар чоп этилган.  

Мазкур ҳолат бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тезкор ўрганиш ўтказилди. Унинг натижаларини вазирлик ахборот хизмати тақдим қилди (https://t.me/mehnatvazirligi/4150).

Жорий йил ноябрь ойида “Темир дафтар”га, “Аёллар дафтари”га киритилган камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида 1 184 нафар ишсиз фуқаро қўшимча равишда маҳалла фуқаролари йиғинлари буюртмасига асосан жамоат ишларига жалб этилган ва уларга 817 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган.  

Амалдаги тартибга мувофиқ, буюртмачи – иш берувчи томонидан жамоат ишларида бажарилган иш ҳажми тўғрисида далолатнома, жамоат ишига қатнашганлигини тасдиқловчи қайднома (табель) тақдим этилганидан сўнг мазкур ҳужжатлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилиб, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча маблағлари молиялаштирилиб берилади.
 
Ҳозирги кунга кадар фуқароларга 226 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди, қолган 591 миллион сўм маблағ Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 18 декабрь куни тўлиқ тўлаб берилади.  

Ўрганиш якуни билан айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади. Маблағлар тўлиқ тўлаб берилгани ва айбдор мансабдор шасхларга чоралар кўрилганлиги тўғрисида маълумот кўшимча тақдим этилади".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!