Нукусда босқинчи бир оилага кириб, хонадон эгаларини пичоқлаб кетди

Нукусда босқинчи бир оилага кириб, хонадон эгаларини пичоқлаб кетди

Жорий йилнинг 8 апрель куни, соат 04:00 ларда Нукус шаҳар, Тахтакўпир кўчаси 66-уйда яшовчи Д.М. (1956 й.т.) уйида юрган номаълум шахснинг овозини эшитиб, у томонга борган вақтда номаълум шахс уни қасддан ўлдириш мақсадида кўкрак қафасининг ўнг қисмига пичоқ билан бир маротаба урган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Шунингдек, номаълум шахс Д.М. уйдагиларни ёрдамга чақирган вақтда чиқиб келган турмуш ўртоғи А.Ш.нинг (1961 й.т.) кўкрак қафасининг чап томонига пичоқ билан бир маротаба уриб, воқеа жойидан яширинган.

А.Ш. олган тан жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этган, Д.М. шифохонага ётқизилиб, зудлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 8 апрелда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми а банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этган шахсни аниқлаш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!