Нотариал ҳаракатлар — халқ манфаати учун!

Нотариал ҳаракатлар — халқ манфаати учун!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, нотариал хизматлар кўрсатишнинг тезкорлигини ошириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, жумладан, хусусий мулк эгалари ўз мулкини эркин тасарруф этиши ва ундан фойдаланишида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича қатор мақсадли вазифаларни амалга ошириш замон талабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Айниқса, “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5816-сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан аҳолининг мушкулини осон, узоғини яқин қилиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда 2020 йилда 3,3 млн.дан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Пандемия шароитида нотариуслар 23 323 маротаба сайёр хизмат кўрсатди, 39 678 та нотариал ҳаракат давлат божидан озод қилинди. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишда айнан шу жиҳатларга эътибор берилди. Яъни нотариат тизими автоматлаштирилди, “e-notarius.uz” сайти ҳамда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими ишга тушди.

Эндиликда нотариусга мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаро юқоридаги сайтдан ўзига яқин ҳудудда жойлашган нотариусни танлаши ва электрон қабулга ёзилиши мумкин. Белгиланган вақтда идорага ташриф буюрган мижозга «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хизмат кўрсатилади. Айниқса, мижозлар тўлаган пул ҳақида СМС-хабар уларнинг телефон рақамига пул тўланган заҳоти юборилиши ортиқча тўлов ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилаётганлиги, бу эса ўз навбатида, фуқароларнинг хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ижобий баҳо бермоқда.

Амалга оширилган мазкур нотариал ҳаракатларнинг барчаси аҳолининг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олиш, уларга ушбу соҳадаги муаммоларига ечим топишида ва фуқаролар манфаатлари йўлида тинимсиз ҳаракатда бўлиш энг олий мақсадлардан бири эканлигидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан шу каби халқимизга садоқат билан хизмат қилиш юзасидан хайрли ишларини давом қилдиради ва халқни рози қилиш юзасидан ўз изланишлари давом қилдирмоқда ва халқаро тажрибани ўрганмоқда.

Зебо КАМАЛОВА,

Тўрткўл тумани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!