Носкашлик ёшариб, кенг тарқалиб бормоқда: унинг организмга фойдаси борми?

Носкашлик ёшариб, кенг тарқалиб бормоқда: унинг организмга фойдаси борми?

Кўча-кўйда, меҳмондорчилик, тўй-томоша, йиғинларда бу одатга кўп кўзимиз тушади. Кўринишидан туппа-тузук, дидли, фаросатли одамлар. Ҳайрон қоласиз, на соғлиққа, на очликка, на тўқликка зиғирча фойдаси бўлган нос чекишга одатланишнинг сабаби нимада? Яна кимлардир носни сигаретдан кўра зарари  камроқ, деб хато ўйлайди. Оғизда бадбўй ҳид пайдо қилиши, тишларни чиритиши,  оғиз бўшлиғи, сўлак билан ўтиб қизилўнгач, ошқозон шиллиқ пардасини яллиғлантиришдаги зарари ўпка ракини келтириб чиқарадиган сигаретникидан кам эмас.


...Светофорнинг қизил чироғида машиналар тўхтаб турибди. Автобус ҳайдовчиси ойнасини тушириб, ёнидаги "Нексия"га қараб оғзидаги носни туфлаб юборди. Оппоқ капот расво бўлди. Яшил чироқ ёниб машиналар қўзғалмаганида икки ҳайдовчи ўртасида даҳанаки жанг бўлиши аниқ эди. Кўриб турганлар ижирғаниб қўйди. Бугун жамоат жойларида, йўл, йўлакларда, истироҳат боғларидаги ўриндиқлар олдида, бекатлар, бозор-ўчарларда ҳам шундай хунук манзарани кўриш мумкин.


Меҳмондорчиликда дўст-биродарлар гурунглашиб ўтирибмиз. Бир шеригимиз қўлида пиёлада чой, оғзида нос, тамшаниб ўрнидан турди. Деразани очиб оғзидаги носни туфламоқчи эди, маҳкам экан, очилмади. "Овва", деб дудуқлаганича жойига ўтирди-да, гиламни кўтариб, тагига туфлаб қўя қолди. Оғзини енги билан артиб, чойдан хўпладида, косадаги овқатини тановул қилишга киришди. Ҳамманинг иштаҳаси бузилди, меҳмонлардан бири ўқчиб юбораёзди. Ўта маданиятсизлик, ўта хунук манзара эди.

Айниқса, носкашликнинг ёшариб, кенг тарқалиб бораётгани кишини ташвишга солади. Нуфузли олий ўқув юртларидан бирида ўқувчи қиз таҳририятга шундай ёзади: "Йигит тенгдошларимизнинг нос чекишлари жуда хунук кўринади. Коридорлар, эшик олдиларига қўйилган чиқинди идишлари туфлаб ташланган носдан булғанган. Кўриб, кўнглинг айнийди".

Ҳаётнинг шафқатсиз синовларига учраган ёки оғир жудоликка дош беролмай ғам-андуҳни чекиш билан "енгиллаштириш" учун нос чекишга ружу қўйганларни тушунса бўлар. Лекин ҳали турмушнинг муштига дуч келмаган, аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, тўқликка шўхлик, олифталик қилиб нос, сигарет чекишни одат қилган ёшларни қандай тушунса бўлади?

Эҳтимол, нос ким учундир эрмак ҳисобланар, аммо гигиена нуқтаи назардан ифлослиги, саломатликка ўта зарарлилиги кундай равшан. Унинг таркибида нималар йўқ, дейсиз. Тамаки кукуни, оҳак, кул, ёғ, яна алланималар.

Афсуски, бу иллат ҳозирда чуқур илдиз отмоқда. Бозорларда нос сотилаётган расталар бор. Айтсам ишонмайсиз, кўча-кўйда айрим коллеж, олий ўқув юрти, ҳатто мактаб ўқувчиларидан нос борми, деб сўраб кўринг. Албатта, целлофан пакетча ёки вазелиндан бўшаган қутичада нос узатадигани топилади. Мулоҳазамиз чекувчиларга ёқмаслиги аниқ. Негаки, ким нима чекади, нима ейди, нима ичади, ақли, фаросатига боғлиқ. Уларга ақл ўргатиш, ҳамма ёшлар носкаш бўлиб кетяпти, деган фикрдан йироқмиз. Ақлли, эсли-ҳушли, одобли, маданиятли ёшларимиз кўп. Аммо бу тилга олган иллат, ҳолат мавжудлиги, унга қарши кураш зарурлиги ҳам бор гап. Бунда асосий масъулият ота-она, таълим-тарбия берувчи, яъни биз катталар зиммасига тушади.

Ўйлаб кўриш керак. Ҳар ҳолда инсон цивилизацияси юксак даражага чиқаётган аср¬да яшаяпмиз. Эҳтимол, нос тамаки етиштириш, ундан чекимлик тайёрловчи ва сотувчиларни деҳқончиликнинг бошқа фойдали турига ўтказиш лозимдир. Ёки носни гиёҳванд моддалар тоифасига киритиб, етиштириш, тайёрлаш сотиш истеъмол қилишни қонун йўли билан тақиқлаш зарурдир. Нима бўлганда ҳам нос инсон саломатлиги учун зарарли. Чекишдан олинадиган "лаззатни" китоб ўқиш, сайр-саёҳат, спорт билан шуғулланиш, музейга, стадионга, театрга бориш, яхши фильм томоша қилиш, алкоголсиз ичимликлар, ширинликлар тановул қилишдан ҳам олса бўлади.

Тоғаймурод ШОРМУРОДОВ.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!