Норвегияда коронавируснинг номаълум тури аниқланди

Норвегияда коронавируснинг номаълум тури аниқланди

Норвегияда 3 кун ичида 8 кишида коронавируснинг мутация қилган янги тури аниқланди. Ҳозирча вируснинг бу тури қандай хоссаларга эгалиги номаълум.

Норвегиянинг аҳолиси сони бўйича учинчи йирик шаҳри - Тронхеймда мамлакатда аввалроқ айланиб юрган коронавирус штаммларидан фарқланувчи мутация қилган янги штамм аниқланди. Вируснинг ушбу тури 16-18 октябрда 8 кишида аниқланган.  

Янги штаммда вируснинг сиртидаги оқсил фарқланиб, у вируснинг инсон ҳужайраларига бирика олишига таъсир қилиши мумкин. “Ҳозирча бу ўзгариш вируснинг юқувчанлигига қанчалик таъсир қилиши номаълум”, деб айтган Аҳоли соғлиғини сақлаш миллий институти секция раҳбари Каролина Брагстад.

Шаҳарнинг бош шифокори Туве Ресстаднинг маълум қилишича, вируснинг янги мутацияси юқумлироқ бўлиши мумкин. Унинг айтишича, бу штамм одамдан одамга осонроқ юқади ва унинг аломатлари тезроқ пайдо бўлади. Таъкидланишича, ҳозирда шаҳарда коронавирус осон тарқалмоқда, бунинг учун одамлар яқин алоқада бўлишлари шарт эмас. 

Маълум қилинишича, янги штамм вируснинг Норвегияда аниқланаётган иккинчи мутация қилган туридир. Сентябрда мамлакатнинг жанубига автобусда сафар амалга оширган бир неча пенсионерда вируснинг янги штамми аниқланган.

Норвегия расмий идоралари Европанинг қолган давлатларида касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли фуқароларга хорижга чиқмай туришни тавсия қилган. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!