«Номутахассис санъаткорлар лицензия пулини тўлаб, саҳнага чиқиб кетяпти. Бу нотўғри» – Мансур Тошматов

«Номутахассис санъаткорлар лицензия пулини тўлаб, саҳнага чиқиб кетяпти. Бу нотўғри» – Мансур Тошматов

Ўзбекистон академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси бадиий раҳбари, халқ артисти Мансур Тошматов мутахассис бўлмаган санъаткорларнинг лицензия олиб, саҳнага чиқиб кетаверишини танқид остига олди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Тошматов 20 ноябрь куни Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференцияда шу ҳақда гапириб ўтган.

«Кўча-кўйда оддий одамлар мени таниб қолиб, «Санъаткорларни жуда кўпайтирвординглар-ку, ҳар хили чиқиб кетди», деб айтиши менга алам қилади. Бир хил пайтда бунга нима дейишни билмайман. Чунки мен санъаткорларни етиштириб чиқараётганим йўқ.

Баъзида имтиҳонларга келганимда консерваторияни битираётган айрим талабаларнинг нотўғри қўшиқ айтаётганини кўраман. Кафедра мудиридан: «Бу ўқишга қандай кириб қолган?» деб сўрасам: «Тест синовларидан ўтиб ўқишга кирди», деб жавоб беради. Шу гап ҳалигача бор.

Худога шукур, бу йил тест синовларида ижодий соҳаларга истисно бўлди. Бир қатор олий таълим муассасалари абитуриентларни тест синовисиз, ижодий имтиҳонлар орқали ёки бошқача шаклда саралаб олишди. Абитуриентлардан имтиҳонларни қабул қилувчилар ҳам мутахассис бўлиши шарт», дейди Мансур Тошматов.

Ўзбекистон халқ артистининг фикрича, ҳозир мутахассис бўлмаган санъаткорлар кўпайган. Ёшлар уларга тақлид қиляпти, уларнинг юриш-туриши, кийиниши, ҳаётда ўзини тутиши, ҳаттоки юз тузилишигача ўхшашга интиляпти.

«Лекин ана шу санъаткор корсерваториянинг 1-курс талабасиникича ҳам савияга эга бўлмай туриб, катта саҳналарга чиқиб кетмоқда. Менга кўпинча: «Ўзбек эстрадасини қандай тўғри йўлга солишимиз керак? Нима қилишимиз керак?» деб савол беришади. Муаммолар кўп. Масалан, санъаткор мутахассисми, мутахассис эмасми, бундан қатъи назар, «Ўзбекконцерт»га пулини тўлаб, лицензия олади-да, саҳнага чиқиб кетаверади. Телевидениеда қўшиқлари айланади. Шу – нотўғри нарса.

«Ўзбекконцерт»нинг ўз бадиий кенгаши бор, аммо бадиий кенгашсиз ҳам мана шу нарсаларни ўзлари ҳал қилишади. Шу нарсаларга кўпинча биз аҳамият бермаяпмиз», – дея таъкидлади Тошматов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!