Ногиронлик можароси: Сирдарёда шифокор жиноят устида қўлга олинди

Ногиронлик можароси: Сирдарёда шифокор жиноят устида қўлга олинди

Тамагирлик — бу мансабдор шахс томонидан фуқаронинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида моддий манфаатни талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун моддий манфаатни беришга мажбур этадиган шароитга қасддан туширишдир.

Ҳаётда ўзганинг мулкига кўз тикиш, нопок луқмадан ҳазар қилмаслик иллатлари ҳеч қачон яхшилик билан якун топмайди.

Бу дунёда изоҳ талаб қилмайдиган шундай бир ҳақиқат бор: жиноий йўл билан топилган бойлик ҳеч кимга, ҳеч қачон буюрмайди, ноҳалол луқмадан бирон кимса ўсиб-унмаган, барака топмаган, афсуски, ҳаётда шундай мисоллар ҳам учраб туради. Яқинда суд томонидан ногирон шахсдан пул талаб қилган тамагирга нисбатан ҳукм ўқилди.

Суд ҳукмига кўра, Б.Бозорбоев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Сайхунобод туман Кўп тармоқли марказий поликлиникасида шифокор лавозимида ишлаб келиб, фуқароларга ногиронлик гуруҳини белгилаш ваколати бўлмаса-да, мулкий наф кўриш ниятида, Сайхунобод туманида яшовчи А.Алиевнинг турмуш ўртоғи Н.Алиева учун ногиронлигини узайтириш учун Сирдарё вилоят тиббий-меҳнат эксперт комиссияси текширувига йўлланма бериш ҳамда Сирдарё вилоят тиббий-меҳнат эксперт комиссиясида ишловчи “Одил” исмли таниши орқали тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосасини расмийлаштириб беришни далолат қилиб, эвазига 700,000 сўм пул маблағини талаб қилиб, фуқаро А.Алиевнинг ишончига кириб, уни алдаб, 2021 йил 28 июль куни ундан 700.000 сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суд судланувчи Б.Бозорбоевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми, 28,211-моддаси 1-қисми билан 45, 59-моддаларига асосан 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари-14.700.000 сўм миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Хулоса қилиб айтганида, Б.Бозорбоев ноқонуний қилмиши учун нафақат судланди, эл орасида ҳам уятга қолди, унинг қинғир ишлари яхшиликка олиб бормади, ахир бунинг қонуний йўллари бор эдику, шу тариқа Б.Бозорбоев фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятининг аччиқ таъмини татиб кўришга мажбур бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!