Нишонлик ёлғиз она хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалладан норози. Нега?

Нишонлик ёлғиз она хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалладан норози. Нега?

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида 6 нафар фарзанди билан ижарама-ижара яшаб юрган Турсунтош Шотўраева туман хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла масъулларини оиласига арзонлаштирилган уй-жой беришни кечиктиришда айбламоқда. Turon24 ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Нишон туманининг Байналминал маҳалласида бўлди.

Фарзандларимни ўз вақтида едириб-ичиришга қийналяпман, дейди Турсунтош Шотўраева. Қолаверса, ўғлим контрактда ўқийди. Қизларим ҳам катта бўлиб қолишган, коллеж, лицейда ўқишади. Ижарама-ижара кўчиб юришдан чарчадик. Уй масаласида туман ҳокимлигига учрашдим. Президентимизнинг виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилгандим. Фақат қоғозда жавоб беришади. Амалий натижа йўқ. Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳида Хўжамқуловага 2-3 марта учрашдим. Ёрдам беришмаяпти .

Бизга Турсунтош Шотўраева нафақа бўйича мурожаат қилган, дейди Байналминал маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғофур Тўрабоев. Фарзандларининг икки нафарига 14 ёшгача бўлганларга тўланиши лозим бўлган нафақани тайинлагандик. Нафақа 6 ой давомида тўлаб борилди ва яқинда тўхтатилди. Уй-жой масаласида ҳам мурожаат қилган. Аммо уй-жой бериш маҳалланинг ваколатига кирмайди. Лекин рўйхатга қўйиб, туман ҳокимлигига ҳужжат тайёрлаганмиз .

Маҳалла раисининг маълум қилишича, Турсунтош Шотўраева фарзандлари билан бундан икки ярим йил илгари шу маҳалланинг Настарин кўчасидаги 9-уйнинг 5-хонадонига кўчиб келган. Ҳозир ушбу хонадонда ижарада яшайди.

Маҳалламизга кўчиб келганда, рўйхатга қўйилмаганди, дейди маҳалла раиси Ғофур Тўрабоев. Рўйхатга олдик. Уй-жойга муҳтожлиги хусусида туман ҳокимлигига ҳужжат тайёрладик. Қўлимиздан келганча ёрдам бераяпмиз .

Жорий йилнинг бошида ушбу оиланинг шароити билан танишиб чиқиб, ҳақиқатдан ҳам уйга муҳтожлиги хусусида ҳужжат тайёрлаб, туман ҳокимлигига билдирганмиз, дейди маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиси Гулирайҳон Турсунова. Аммо тайёрлаган ҳужжатларимизнинг нусхасини ўзимизга олиб қолмаганмиз. Туман хотин-қизлар қўмитасига берганмиз .

Оиламиз кам таъминланган оила бўлгани учун маҳаллага моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганман, дейди Турсунтош Шотўраева. Аммо 14 ёшгача бўлган нафақани 6 ой олганим учун Ҳозир лимит тугаган, энди янги йилдан бошлаб моддий ёрдам берамиз дейишган .

Тўғри, фуқаро моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилган, дейди маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Гулнора Қурбонова. Ҳужжатларини кўриб чиқиб, 2019 йилдан бошлаб моддий ёрдам ҳам ёзамиз .

Маҳалла раиси Ғофур Тўрабоевнинг маълум қилишича, Байналминал маҳалласида 555 та хонадон бўлиб, 2457 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мазкур маҳаллада яшовчи 2 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга уй-жой қуриб берилмоқда.
Вақти соати билан бу кишининг оиласига ҳам уй-жой берилади, дейди маҳалла раиси. Фақат туман ҳокимлиги рўйхат бўйича беришади-да .

Нишон тумани ҳокими ўринбосари Шоҳида Хўжақулованинг сўзларига кўра, Турсунтош Шотўраева оиласи туманда уй-жойга муҳтож оилалар рўйхатида туради.

Турсунтош Шотўраеванинг оиласи ҳам уй-жойга муҳтожлар рўйхатида туради, дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳида Хўжақулова. У кишининг турмушга чиққан фарзадларидан ташқари қарамоғида яна 5 нафар фарзанди бор. Шуни инобатга олган ҳолда, оилани уй-жойга муҳтож оилалар сафига қўшганмиз .

Туман хотин-қизлар қўмитаси раисининг сўзларига кўра, Турсунтош Шотўраева оиласи 2 маротаба уйга муҳтож ва уй берилиши лозим бўлган оилалар рўйхатига киритилиб, вилоят ҳокимлигидан рад этилган.

Мазкур оилага Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли қарорига кўра, дастлабки бадал тўловни тўлаб уй бермоқчи бўлганимизда, оила бошлиғи уйнинг қолган тўловини тўлай олмаслигини билдирган. Шунинг учун ёрдам бўлсин деб, бу оилани бепул уй-жой берилиши лозим бўлганлар қаторига қўшгандик, дейди туман ҳокими ўринбосари. Аммо талабга тўғри келмагани боис, вилоят ҳокимлигидан рад этишган .

Айни кунда биз яшаб турган уй эгаси ҳам ижара пулини ўз авқтида тўлай олмаганим учунми ёки бошқа сабаби борми, уйдан чиқинг деяпти, дейди Турсунтош Шотўраева. Лекин совуқ қишда қаерга бораман?

Турсунтош Шотўраевага вақтинча яшаб туриш учун ҳеч қандай тўловларсиз уй таклиф қилдик, дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳида Хўжақулова. Бир эмас 3 та уй борлиги айтдик. Аммо узоқ ёки менга ноқулай деб рад этган. Туман ҳокимлигининг қўлидан келгани шу .

Учта уй кўрсатишгани рост, дейди мурожаатчи. Аммо узоқ ҳудуддан. Бориб-келиш муаммо. Фарзандларим ўқийди. Ўзим эса шу ердаги ошхоналарда ишлайман. Қатнаш муаммо туғдиргани сабаб, рад этганман. Қолаверса, бўйи етган қизларим билан нотаниш инсоннинг уйида қандай яшайман?

Туман ҳокими ўринбосари Шоҳида Хўжақулованинг маълумот беришича, туманда 174 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар мавжуд бўлиб, 2017 йил уларнинг 12 нафарига, жорий йилда эса 15 нафарига уй-жой қуриб берилмоқда.

Биринчи навбатда ногирон фарзанлари бор оилаларга ёрдам қилиш мақсадида, уларни уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз, дейди туман ҳокими ўринбосари. Чунки белгиланган тартиб бор. Насиб этса, Турсунтош Шотўраевани ҳам навбат келса, албатта, уй-жой билан таъминлаймиз .


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!