«Нима берганимиз эмас, қандай берганимиз аҳамиятли»

«Нима берганимиз эмас, қандай берганимиз аҳамиятли»

Инсон Ислом фитратида, яъни мусулмон ҳолатда дунёга келади. Тийнатда бор хусусиятлар қувватлантирилмаса у йўқолиб боради. Ўзига эътибор бермай қўйган одамни тасаввур қилинг... Дейлик, келишган бир йигит. Ўзига қарамай қўйса нима аҳволга тушади? Ниҳоятда кўркам йигит ёки жуда гўзал бир қиз бир ой ўзига қарамаса, сочларини ювиб-тараб, юз-қўлини ювмаса, тирноқларини олиб, озода юрмаса унинг ёнига яқинлашиб бўладими?

Яралмишда, фитратида бўлган иймон ҳам парвариш, эътибор ва қувватлантирилмаса, у қалбнинг бир бурчагида чанг-ғуборлар ичра нурсизланиб боради. Эътиборсизлик, инсонни тийнатидан узоқлаштиради. Бошқа динни қабул қилган, ота-онаси қадрламаган, яқинларининг одоб-ахлоқ ўгитларини пучга чиқарганлар ҳам осий бўлиб туғилишмаган. Эътиборсизлик қурбони бўлган бундай ёшлар сони тобора ортиб бораётганининг сабабини нималарда, деб ўйлайсиз?

2005 йилда медияда бир хабар жуда кўп тортишувларга сабаб бўлди. Яъни, бир модел қиз севган йигити билан турмуш қуриш учун христиан динини қабул қилди. Бир неча ҳафта давомида бу модел билан боғлиқ хабарлар кенг ёйилди. Бу хабар тарқалган ўша кеча укам билан янгиликларни томоша қилаётган эдик. Хабарни эшитиб ҳам хафа бўлдим, ҳам кулдим. Укам, Бу аёл шундоқ ҳам мусулмон эмасди-ку! деган эди, табассум билан, Ҳақлисан! дедим.

Болалар ҳамма нарсани ота-онадан эшитиб, кўриб ўрганади. Сизнинг ҳаётингизда дин нақадар аҳамиятли бўлса, болангиз учун ҳам эътиқод шу қадар муҳим бўлади. Агар болангиз ва сизнинг эътиқодингиз орасида фарқ катта бўлса, ўзингизни тафтиш қилинг, қаердадир хатога йўл қўйгансиз!

Нима берганимиз эмас, қандай берганимиз аҳамиятли. Дунёдаги энг лаззатли таомни кир идишда тортиқ қилсак, ҳеч ким емайди. Ёшларимизнинг Ислом хулқидан, иймондан узоқлашиб бораётганининг энг катта сабаби ҳам аслида етказиш услубимизнинг хатолигида, деб ўйлайман.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!