Нетаняху ХАМАС билан сулҳни “вақтинчалик” деб атади

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху шанба куни кечқурун ХАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув “вақтинчалик” эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Жо Байден ва сайланган президент Дональд Трамп Исроилга келишувнинг кейинги босқичлари Фаластин томони томонидан бажарилмаса, жанговар ҳаракатларни давом эттиришга тўлиқ ҳуқуқ берган.
"Исроил биринчи босқичда Филаделфия коридоридаги қўшинлар сонини камайтирмайди, балки кўпайтиради", - дея таъкидлади Исроил Бош вазири.
Музокараларда воситачилик қилаётган Қатар якшанба куни маҳаллий вақт билан 8:30 (ГМТ 6:30) да кучга кирадиган оташкесимга Исроил ва Ҳамас келишиб олди.
42 кунлик оташкесимга АҚШнинг ҳозирги ва келажакдаги маъмуриятларининг биргаликдаги босими остида эришилди. Битимнинг иккинчи, мураккаброқ босқичи бўйича музокаралар икки ҳафтадан сўнг бошланиши керак. Олти ҳафталик муддатдан сўнг Исроил Хавфсизлик Маҳкамаси кейинги ҳаракатлар тўғрисида қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, сулҳ Ғазода гаровга олинган ва фаластинлик маҳбусларни озод этиш, шунингдек, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни назарда тутади. Ғазода сулҳ эълон қилингандан сўнг эришилган келишувлар доирасида озод қилинадиган фаластинлик маҳбусларнинг сони ва кимлиги ҳақида мунозаралар бошланди.
Келишувга кўра, ҳозирда Исроил қамоқхоналарида сақланаётган юзлаб фаластинликлар эвазига 33 нафар исроиллик Ғазодан озод қилинади. Бироқ озод этилиши керак бўлган фаластинликларнинг аниқ сони ҳалигача номаълумлигича қолмоқда, чунки келишувнинг расмий матни ҳали эълон қилинмаган.
Исроил матбуоти хабарларига кўра, келишувнинг биринчи босқичида 1900 нафаргача фаластинлик озод этилиши мумкин. Фаластин ва Исроил томонлари ҳисоб-китобларига кўра, Исроил қамоқхоналарида Ғазога сўнгги босқинчилик чоғида қўлга олинганлар билан бирга 13 мингдан ортиқ фаластинлик бор.
Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги шанба куни ўт очишни тўхтатишга қарамай, Исроил ҳужумларида яна 23 фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилди. 2023-йил октябр ойидан буён ҳалок бўлганлар сони 46 899 нафарга етди, жароҳатланганлар эса 110 725 нафардан ошди.
Бу можаро тарихидаги Исроил ва ХАМАС ўртасидаги энг қонли қарама-қаршиликда ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга киришидан олдинги қурбонлар сонининг якуний ҳисоби бўлди.