Nestlé Uzbekistan бизнесини Франция компаниясига сотди

Nestlé Uzbekistan бизнесини Франция компаниясига сотди

Nestlé Uzbekistan сув ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бизнесини Франциянинг Lactalis компаниясига сотиш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда компания томонидан 16 июль куни тарқатилган пресс-релизда маълумот берилган. «Газета.уз»нинг қайд этишича, битим қиймати эълон қилинмаган.

Битим шартларига кўра, Nestlé’нинг Ўзбекистондаги сув ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бизнеси, хусусан, Намангандаги иккита фабрика Lactalis мулкига айланади. Битим якунига етганидан сўнг, компания Lactalis билан Ўзбекистонда Nestlé’нинг глобал брендлари — Nesquik, Nido ичимликлари ва Nestlé Pure Life сувини ишлаб чиқариш бўйича лицензия келишувини имзолайди.

«Lactalis — сут маҳсулотлари жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан биридир. Ўзбекистондаги келишув натижасида биз Nestlé бренди остида сут ва сув туркумларида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кучли ҳамкорга эга бўлмоқдамиз», — дея таъкидлади Nestlé’нинг Россия ва Евроосиё минтақасидаги раҳбари Марсиаль Роллан.

Nestlé Ўзбекистон бозорига кенг туркумдаги маҳсулотларини, хусусан, қандолат маҳсулотлари, қаҳва ва болалар егуликларини етказиб беришда давом этади. Қайд этиш жоиз, Nestlé Uzbekistan 2017 йил ноябрида Тошкентдаги ичимлик суви ишлаб чиқариш бўйича заводини ҳам сотган эди.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!