“Нега бу аёлга ёрдам бермаяпсиз? Домла шаърий никоҳни ФҲДЁ гувоҳномасисиз ўқидими?”

“Нега бу аёлга ёрдам бермаяпсиз? Домла шаърий никоҳни ФҲДЁ гувоҳномасисиз ўқидими?”

Оқдарё туманида яшовчи Ноила (шартли исм) опа қизини узатганига 3 ой бўлса-да, ҳанузгача ФҲДЁдан ўтмаганини айтади. Қизи ва куёви 3 ой олдин ФҲДЁга ариза бериб, дўхтир кўригидан ўтишган, аммо қайнона келинни олгач, уларни ФҲДЁга юбормаган. Ноила опа бу ҳақда ўзи яшаётган ва қизининг тушган маҳалласига бориб маълум қилган ва ёрдам сўраган. Афсуски, бирор амалий кўмак ололмаган. 
Бу масалада “Оқдарё тумани Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилинг”, дея йўл-йўриқ кўрсатдим. Аммо у “Мутасаддилар менга таъна қилиб, кўзимни очиришмайди”, дея таъкидлади. 

Эртаси куни эса туман хотин-қизлар қўмитаси раисига учрашиб, менга қўнғироқ қилиб опа билан гаплаштирди. У кишидан “Нега бу аёлга ёрдам бермаяпсиз? Домла шаърий никоҳни ФҲДЁ гувоҳномасисиз ўқидими?” дея сўрадим. Опа гапларимни эшитиб, 3 кун ичида бу масалани ҳал қилиб беришини айтди. Гўшакни қўйгач, раиса Ноила опага “Нега бу журналист билан мени гаплаштирдингиз? Олса, курсимни олади-да, бошқа нима қиларди? Бундан кейин менга телефонингизни тутиб, ҳар хил одамлар билан гаплаштириб, вақтимни олманг”, дея ўшқирибди. 

Афсуски орадан 20 кун ўтса-да, Хотин-қизлар қўмитаси жим. Ноила опа бўлса, кўзида ёш билан менга раисга яна учрашганини, у эса “ФҲДЁга боринг“, дея аёлни сарсон-саргардон қилаётганини айтди. Қизи бетоб бўлган экан, онаизор дарҳол қизини олиб келиб, текширувлардан ўтказиб, қайнонасиникига жўнатибди. Қайнона эса уни сўроқсиз уйдан кетиб қолганликда айблаб, келинини уйидан ҳайдабди. Ноила опага қўнғироқ қилиб, нарсаларини олиб кетишини, қизини келин қилмаслигини айтибди. 

Бу оиланинг бузилиб кетишига ким сабабчи? Нима учун туман хотин-қизлар қўмитаси раиси бу ишга панжа орасидан қараяпти? Маҳалла оқсоқоллари-чи? Ноила опа гулдек қизининг бахтсизлигига куйиб ўтирсинми? Оқдарё туманидаги айрим мутасаддилар фақатгина хўжакўрсинга ишлайдими? Бу оиланинг хотиржамлигини ким қайтариб беради? 

Хонбиби Ҳиммат қизи, журналист

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!