Навоийлик фуқаро 7 кишини чув туширди

Навоийлик фуқаро 7 кишини чув туширди

Бугун жамиятимизда шундай инсонлар пайдо бўлмоқдаки, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни алдаб ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширмоқдалар. Лекин ҳарқандай қилмиш жазосиз қолмайди. Ана шундай фирибгарлардан бирига 2019 йил 19 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана тумани судининг судьяси А.Сайдуллаев бошчилигида фуқаро Ш.Бердиевга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Бердиев Шерзод Толиб ўғли 2018 йил июль-ноябрь ойларида ўзганинг мол-мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Остонов Қахрамон Саматович, Пармонова Дилбар Эшпулатовна, Тўхтаев Ихтиёр Эгамбердиевич, Асабаев Элёржон Азимжон ўғли, Остонов Ғулом Тошпулатович, Ғаниев Анвар Ахатович ва Тўхтаев Қосим Худойбердиевичларни Кармана тумани “Дўстлик” МФЙ ҳудудида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар учун қурилаётган арзон нархдаги кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олиш учун ҳужжатларни Кармана туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Талабгор” ларни танлаш комиссиясига топширганликларини билиб, уларга банк орқали дастлабки бадал тўловларини амалга оширишга ёрдам беришини, арзон нархда квартира сотиб олиб беришини ваъда қилиб, ишончларига кириб, жами 90 млн. 500 минг сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Фирибгарликни одат қилиб, ўзгаларни алдаш йўли билан кун кўраётган бу шахсга нисбатан муқаддам ҳам жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддасига асосан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Бундан ўзига хулоса чиқармаган Ш.Бердиев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

                                        Алишер Сайдуллаев

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси,

Жасурбек Мавлонов

судья ёрдамчиси 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!