Навоийда яна бир автомобиль кўчада ёниб кетди (видео)

Навоийда яна бир автомобиль кўчада ёниб кетди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳрида Форд автомобилида ёнғин келиб чиққани тасвирланган видео тарқалди. Муҳокамаларда бунинг сабаби автомобил чироқлари доимий ёниқ ҳолатда ҳаракатлангани бўлгани айтилмоқда.

Kun.uz мухбири ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилояти ФВБ ЁХБ масъул ходимлари билан боғланди.

Навоий вилояти ФВБ ЁХБ маълумотига кўра, 2019 йилнинг 17 апрель куни Навоий шаҳри, Махмуд Таробий кўчасида ҳаракатланиб кетаётган, давлат рақами 85 Т 704 СА бўлган қизил рангли Форд русумли фургоннинг мотор қисмида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин автомобилнинг электр сим-кабелларида қисқа туташув натижасида содир бўлган. Бунинг оқибатида автомобилнинг мотор ва салон қисмига зарар етган.

Навоий вилояти ФВБ ЁХБ масъул ходимининг таъкидлашича, автомобиль чироқлари ёниқ ҳолатда ҳаракатланиши туфайли деб тахмин қилинаётган бу каби ҳолат вилоятда биринчисидир. Автомобилларда юзага келган бошқа ёнғин ҳолатлари автомобиль чироқлари билан боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли содир бўлган.

Қайд этиш керакки, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда кун мавзуси кундузи чироғини ёндираман, деб машинаси ёниб кетаётганлар бўлмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгариш киритиш тўғрисидаги қарор чиққан кундан буён шу каби 10га яқин ҳолат кузатилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари машиналарнинг кундузи чироқ ёқиб юришини бекор қилиш таклифи билан чиқишди.

ИИББ расмий сайтида эса бунақа ёнғинларга қуйидагича муносабат билдирилган: Автомобиллар ёниб кетиши ва ҳаттоки портлашлари ҳам мумкин, бунга сабаб ўзбошимчалик билан автомобиль тузилишига аралашиш, техник ҳолатга лоқайдлик билан муносабатда бўлиш .

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса телеграмдаги каналида янги қоидаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзгаришларни шок терапияси орқали зудлик билан амалга киритиб бўлмаслигини айтиб, бу қоидаларни амалиётга татбиқ этиш жараёни хато бўлгани, барчасига босқичма-босқич ўтиш керак бўлгани, кундузи чироқ ёқиб юриш мажбуриятини камида 2021 йил 1 январь санасидан белгилаш, унгача кенг миқёсдаги тарғибот ишларини олиб бориш, жорий йилдан бошлаб техосмотрдан ўтаётган барча эски машиналарда ДХО бўлишини талаб қилиш, махсус кундузги чироқларни ўрнатишнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш, керак бўлса электр усталарни ўқитиш, ёнғин келтириб чиқармайдиган жиҳозларни ўрнатишни назорат қилиш ва ҳоказо ишларни қилиш лозимлиги ҳақидаги фикрларини билдирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!