Навоийда поезд учта туяни уриб юборди

Навоийда поезд учта туяни уриб юборди

Навоий вилояти «Тинчлик» локомотив депосига қарашли тепловоз ўзига бириктирилган юк поездини Мустақиллик–Учқудуқ йўналишида тортиб келаётган вақтда темир йўлларда қаровсиз юрган 3 бош туяни уриб юборди, деб хабар беради «Халқ сўзи Онлайн».

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат 23 октябрь куни соат 07:50 ларда содир бўлган. Йўлдаги туяларни кўрган машинист ва унинг ёрдамчиси тезликни пасайтириб, огоҳлантирувчи сигнални ва тезкор тормозни босган. Шунга қарамасдан туялар йўлдан қочмаган ва поезд уриб юбориши оқибатида нобуд бўлган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда туялар Учқудуқ тумани «Шанҳар» овулига тегишли экани аниқланган. Чорва эгаларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 113-модда (темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жаримага тортилган.

Воқеадан сўнг масъуллар тепловозни кўздан кечирган. Марказий диспетчер рухсати билан 08:10 да поезд ўз йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!