Навоийда онасини уриб ўлдирган 26 ёшли йигитга ҳукм ўқилди

Навоийда онасини уриб ўлдирган 26 ёшли йигитга ҳукм ўқилди

2020 йил 12 октябрнинг жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят Кармана туман судининг очиқ суд мажлиси ўз биносида МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган – судланувчи И.У. (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан бўлган жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Жаҳонгир КАРИМОВ хабар қилди, деб ёзади "Даракчи".  

                     У ўтa оғир жиноят — ўз онасини уриб ўлдиргани учун жазога маҳкум қилинди

Маълум бўлишича,  26 ёшли йигит 2020 йилнинг 6 июлдан 7 июлга ўтар кечаси тунги вақтда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолатда ўзи истиқомат қиладиган Кармана туманидаги уйига боради. Уйда бўлган рафиқаси билан оғзаки тортишиб қолади. Ўзаро жанжаллашиб, ўрталарида келиб чиққан низони бартараф этиш учун келган онаси билан ҳам жанжаллашиб, уни танасининг турли соҳаларига уриб, унга қаршилик кўрсатган онасининг қўлида бўлган хом ғишт бўлагини тортиб олади. Ураётган вақтида онаси зарбадан қочиш мақсадида эгилгани натижасида хом ғишт бўлаги унинг бош қисмини энса соҳасига тегиб, тан жароҳати етказган.  

Онаси олган оғир тан жароҳати юзасидан Кармана туман Тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 2020 йил 10 июл тонгида вафот этган.

                                              “Онамга маст бўлганим сабабли эътироз билдирдим”

Судда сўроқ қилинган судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...

— 2020 йилнинг 6 июлида уйга келиб, овқат тайёр бўлгунига қадар яна бир марта кира қилиб келишимни айтдим. Уйимдан машинамда кетдим ва Ҳазора қишлоғини марказига бориб, мижозларни кутдим. Мижоз келмагач, уйга кетаётган вақтимда холамнинг ўғли билан учрашиб қолдим. Ўзаро келишиб, у билан спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида марказдаги дўкондан 4 ёки 5 баклашка пиводан олиб ичдик. Кеч бўлиб қолганидан сўнг холамнинг ўғли ўртоғини машинани бошқариш учун чақирди. Ўртоғи келганидан сўнг бирор бир кафеда ўтириш мақсадида Навоийга бордик. Кечаси билан ишлайдиган дўконга бориб, нон, колбаса ва 4 шиша пиво олиб уйга қайтдик. Холамнинг ўғлини уйида қолдириб, ўзим уйга бордим. Хотиним ва укам уйдан чиқиб, дарвозани очишди. Хотиним овқатни олиб келавермагач, олдига кирганимда онамнинг олдига кириб ўтирганини кўриб, “Нега овқат қилмадинг?”, дедим. “Спиртли ичимлик истеъмол қилганимни юзимга солиб менсимади. Сўнг ўртамизда жанжал келиб чиқди. Хотиним онасининг уйига кетишини айтганидан жаҳлим чиқиб, у билан тортишиб кетдим. Шу вақтда у уйдан чиқиб қочди. Орқасидан чиқдим, онам билан укам ҳам орқамдан чиқишди. Хотинимни тандирхонага яшириниб олганини билиб ёнига бордим ва қўлидан тортиб “уйингга олиб бориб ташламоқчиман”, дедим. Онам билан укам мени орқамдан тортишди, уларга қаршилик кўрсатолмадим. Шу вақтда онам мени қўлларидаги кессак бўлаги билан бошимнинг орқа қисмига урди. Уларга қаршилик кўрсатдим, шу орада хотиним қўлимдан чиқиб қочди. Укам ҳам мендан қочди, қочиб кетмаслиги учун улардан жаҳлим чиққани сабабли орқасидан қувдим. Қилган ҳаракати учун жазоламоқчи бўлдим. Лекин ушлай олмаганимдан сўнг ҳовлига қайтиб келиб, онамга қараб гапириб бораётган вақтимда онам тандирхонани ёнидаги қурилиши битмаган хона пойдеворини ичига кирди. Онамга эътироз қилиб, “Нега оиламга аралашасиз?” дедим. Онам яна мени ура бошлади, сўнг мен ҳам онамни қўлим билан бир неча бор урдим ва қўлида бўлган кессак бўлагини тортиб олиб урдим. Шу вақтда онам зарбадан қочаман деб бошини пастга қилиб эгилди. Кессак бўлаги у кишининг бошини орқа томонига тегди ва довдираб кетди. Қўлимдаги кессак бўлагини ўша ерга ташлаб, онамни ёнидан итариб юбордим. Онам ерга йиқилиб, ёнбош бўлиб қолди. Сўнг хотинимни топиш мақсадида ҳовлидан изладим. Шу вақтда ҳовлига қўшним кириб келди. Унинг орқасидан эса профилактика инспектори келди. Сўнг профилактика инспектори мен маст ҳолда бўлганим сабабли Навоий шаҳар ИИБнинг ҳушёрхонасига олиб бориб жойлаштириб кетди. Эртаси куни уйимга бориб, кийимларимни алмаштириб шифохонага бордим. Онамга тан жароҳати етказиш мақсадим бўлмаган. Хотиним билан жанжаллашдим, онамга маст бўлганим сабабли эътироз билдирдим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қонуний енгиллик беришингизни сўрайман.

 

                         “У аввал ҳам турли баҳоналар қилиб онам билан жанжал қиларди”

Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчининг қонуний вакили — қизи ҳолатни қуйидагича изоҳлади...  

— Судланувчи укам бўлади. Укам олдиндан жуда қизиққон бўлган. У онамга турли баҳоналар қилиб, уларни ташлаб кетганини айтиб оғзаки жанжал қилиб келарди. Ичиб келса жанжал қиларди, яқин орада икки марта онамнинг уйига борганимда ҳам укам жанжал қилганди. 2020 йилнинг 7 июли эрталаб кичкина укамга “смс” хабар юбордим. Унга қўнғироқ қилганимда, “Акам онамни урди. Тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетдик. Янгам онам билан бирга”, деди. Шу куни келиним ҳам қўнғироқ қилиб “ойимни реанимацияга олиб кириб кетишди”, деди. Сўнг шифохонага етиб бордим. Онамни операция қилишларига розилик бериб, тилхат ёздим. Операция амалга оширилганидан сўнг онам жароҳатни кўтаролмай, 10 июль эрталаб вафот этди. Укамни ИИБ ходимлари олиб кетишди...

Жабрланувчининг қонуний вакили ҳозирги кунда судланувчи укасига ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни билдириб кўрсатма берди.

Судланувчи ЖК 104-моддаси 3-қисмининг “д” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!