Навоийда оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга 300 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди

Навоийда оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга 300 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди

Навоий вилоятида шу кунга қадар оғир аҳволга тушиб қолган 188 нафар хотин-қизга 300 млн сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳудудий бўлинмалар миқёсида қарор қабул қилувчи шахслар салоҳиятини мустаҳкамлаш» мавзусидаги ўқув-семинарда айтиб ўтилди, дея хабар беради «Turon 24».

Семинар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг аҳолишунослик жамғармаси ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

«Ўзбекистон қонунларида аёллар ҳуқуқи, эркинликлари халқаро меъёрлар асосида ифодаланган. Айниқса, аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, зўравонлик ҳолатлари юз берганда қўлланиладиган чоралар аниқ белгиланган, — дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Диловар Қобулова. — Аммо аёллар камситилганда қандай чоралар кўрилиши ҳеч бир ҳужжатда акс эттирилмаган. Бугунги семинар иштирокчиларидан мазкур масалада таклифлар олмоқдамиз».

Ўқув-машғулоти давомида чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан мониторинг ўтказиш шакллари, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича универсал даврий ҳисобот тайёрлаш тўғрисида маълумотлар берилди.

Manba: daryo.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!