Навоийда жиноятга қўл урган "қароқчи" қизга ҳукм ўқилди

Навоийда жиноятга қўл урган "қароқчи" қизга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг бу галги очиқ суд мажлиси, Кармана туман, “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида  судья А. Авезов раислигида бўлиб  ўтди.  Судда 2000 йил 15 апрелда Навоий шаҳрида туғилган, ҳатто ўрта-махсус маълумотни ҳам тугаллашга улгурмаган, ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган,  айни  беғубор ёшга доғ туширган, хазон қилган қиз — Зарифа  Нодированинг жиноят иши кўриб чиқилди. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ: “Зарифа Нодирова Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилсин ва унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлансин”.

 Ҳа, ҳукм қатъий. Чунки ҳали йигирма ёшга кириб улгурмаган қиз суднинг қора курсисига аллақачон икки марта ўтиришга улгурган. Муқаддам ўн етти ёшида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2017 йил 17 ноябрдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида — 1.497.750 сўм жарима жазоси тайинланган. Яна такрор жиноятнинг тафсилоти ҳам, айбланиш моддаси-ю, банди  ҳам, шакли-шамойили ҳам бир хил. 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбланган. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишади. Бу қиз эса  ҳассасини атайлаб қайта-қайта йўқотишдан қўрқмайдиганлар хилидан экан.

Биринчи марта қилган жинояти учун вояга етмаганлигини, қиз болалигини инобатга олиб, енгиллик берилганлиги, инсонпарварлик қилинганлигини  назар-писанд қилмаган қизча орадан олти ой ўтар-ўтмас яна жиноят кўчасига кирди,  эски ҳунарини бошлади.  

 Суд мажлисида у айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўша куни Гулсара исмли дугонасининг ёнига маҳаллага борганлиги, у билан учрашиб бироз вақт гаплашгандан сўнг уйига қайтаётганда, “Умид” қўрғони “Баҳор” массиви 147-уйнинг қаршисида кичкина қизалоқнинг ўйнаб юрганлигини кўриб, хаёли бузилгани, қизчани олдига бориб уни айлантириб келишни айтиб, шу атрофдаги дарахт соясида ўтириб қизчанинг тилла зирагини “кўрсам майлими” деб, қулоғидан ечиб олганлиги, уни гап билан чалғитиб, зиракни чўнтагига солиб, воқеа жойидан дарҳол кетгани, қўлга киритган  “ўлжа”сини дарҳол пуллаш учун шаҳардаги 10-кичик туман ҳудудида жойлашган Деҳқон бозорига югургани, у ердаги заргарга тилла зирак ўзига тегишли эканлиги, пул зарур бўлганлиги учун сотаётганлигини айтиб, 250 минг сўмлик зиракни бор-йўғи 30 минг сўмга сотиб юборганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тез кунда қоплаб беришини, содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонда эканини билдирди. Бу жиноят кўчасига кирган қизнинг биринчи қасами эмаслигини назарда тутадиган бўлсак, унга ишониш-ишонмаслик жиддий масала.

 Судда фуқаровий даъвогар тариқасида сўроқ қилинган С.Олимов 2006 йилдан буён Навоий шаҳар, 10-кичик туман ҳудудида жойлашган Деҳқон бозорида заргарлик фаолияти билан шуғулланиб келишини баён қилган. Савол туғилади... Заргар зиракни 30.000 сўмга сотиб олаётганда, қизнинг ўзини тутиши, қиммат тилла тақинчоқни нега 8 баробар арзонга сотаётганлигини англамадимикан?   ИИБ ходимлари келиб ўзини Зарифа деб таништирган қиздан сотиб олган зираклари ўғирлик эканлигини айтиб, холислар иштирокида зирак эритмасини расмийлаштириб олганида сал ҳушёр тортиб, унга ишониб хато қилганини сезди.       

 Суд судланувчи З.Нодированинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисобласа-да, илгари ҳам қасддан худди шундай жиноят содир этган шахснинг ёш болага нисбатан яна янги жиноят содир этганлиги жазосини оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблашни лозим топди.

Суд ҳукмида, шунингдек, Жиноят кодексининг  60-моддаси тартибида З. Нодировага  ўталмаган 647.750 сўм жарима жазосини нисбатан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг  2017 йил 17 ноябрдаги  ҳукм билан тайинланган жазога қўшиб  тайинлашни, Жиноят кодексининг 61-моддаси тартибида тайинланган жарима жазоси алоҳида ижро этилиши ҳам  кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, суд ҳукмида жиноят оқибатида етказилган зарар учун судланувчи З.Нодировадан жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 250.000 сўм ундириш ҳам ўз аксини топди.

Жиноятга жазо муқаррар бўлди. Жиноят йўлига қайта-қайта кирган, бировнинг мулкига кўз олайтирган қароқчи қиз эртага ҳаётнинг  турли синовларидан ўта олармикан? Буни билмадик...

                                                                  Шерзод МАМИРОВ,

                                               Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар

суди раиси,

                                                                  Маруса ҲОСИЛОВА,

                                                         “Инсон ва қонун” мухбири

 

 

 

 

 

                                       

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!