Навоийда гулхан атрофидаги “ўйин”га чек қўйилди

Навоийда гулхан атрофидаги “ўйин”га чек қўйилди

ХАЛҚИМИЗДА “Исинмадим оловинг­га, кўр бўлдим тутунингга”, деган нақл бор. Бугун газ идораларидан норози бўлиб ­юрган кўплаб фуқароларимиз шу нақлни тез-тез ёдга олаяпти. Конимех тумани, “Янгиғазғон” овул фуқаролар йиғинида ­яшовчи Турекабул Жўраев ва ­яна 43 нафар фуқаро Конимех туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, 2016 йил сентябрь ойида “Янгиғазғон” ­овул фуқаролар йиғини аҳолисига Конимех газ таъминоти участкаси томонидан табиий газ етказиб бериш тўхтатилганлигини маълум қилган. Улар ўша даврда табиий газ учун олдиндан амалга оширилган тўлов пуллари бугунги кунга қадар газ етказиб бериш идораси томонидан қайтарилмасдан келинаётганидан норози бўлиб, ўз пулларини ундириб беришни сўрашган.

Мазкур ҳолат атрофлича ўрганилганда, “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалидан 19,1 миллион сўм ортиқча ушлаб қолинган пул маблағлари тўғрисида маълумотнома олинди. Ушлаб қолинган пул маблағларини тўлаб бериш юзасидан “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига тақдимнома киритилди. Аммо газ идорасидагилар ўтда ёнмас, сувда чўкмас, “оловда тобланганлар”дан чиқди. Улар тақдимномага парво ҳам қилишмади.

Ортиқча ушлаб қолинган пул маб­лағлари тўлаб берилмагач, Конимех туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига 43 нафар фуқаронинг манфаатларини кўзлаб даъво аризалари киритилди ва адлия бўлимининг даъвоси тўлиқ қаноатлантириб берилди. Бугунги кунда ушбу пул маблағлари тўлиқ ундирилиши таъминланди, гулхан атрофидаги бу ­“ўйин”га чек қўйилди.

Бундан ташқари, “Янгиғазғон” овул фуқаролар йиғинида яшовчи қолган фуқаролар ҳам худди шу масалада адлия бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Яъни, Жантуре Сабиров ва бошқа 35 нафар фуқаронинг Конимех туман адлия бўлимига ёзма ва оғзаки мурожаатида 2016 йил сентябрь ойида “Янгиғазғон” овул фуқаролар йиғини аҳолисига Конимех газ таъминоти участкаси томонидан табиий газ етказиб бериш тўхтатилганлиги маълум қилиниб, ўша даврда табиий газ учун олдиндан амалга оширилган тўлов пулларини бугунги кунга қадар газ етказиб бериш идораси томонидан қайтарилмасдан келинаётганидан норози бўлиб, ундириб беришда ёрдам сўралган.

Туман адлия бўлими томонидан 2019 йил 18 майда “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига табиий газ учун тўлаб берилган ортиқча тўловларни қайтариш юзасидан киритилган тақдимномага асосан, 35 нафар фуқарога жами 10,7 миллион сўмлик пул маблағлари ундириб берилди.

 

Элбек ФАЙЗУЛЛАЕВ, Конимех туман адлия бўлими бошлиғи


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!