Навоийда беш нафар маст одам қоровулни калтаклаб ўлдирди

Навоийда беш нафар маст одам қоровулни калтаклаб ўлдирди

Навоий шаҳрида яшовчи маст ҳолатдаги беш нафар шахс уларнинг бетон ишлаб чиқариш цехига киришига қаршилик кўрсатган қоровулни уриб, тепиб ўлдирди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов хабар берди.

Таъкидланишича, Навоий шаҳридаги Тинчлик қўрғонида жойлашган овқатланиш шохобчаларидан бирида бетон ишлаб чиқариш цехининг 24 ёшли ишчилари С.Б. ҳамда Ф.Н. ўзининг танишлари бўлган 31 ёшли Т.М., 29 ёшли К.М. ҳамда А.Н. билан овқатланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Улар тунги соат 22:00 ларда овқатланиш шохобчасидан чиққан.

Бу пайтда Ф.Н. овқатланиш шохобчасида ёлғиз қолган. Ўзининг ёлғиз қолдириб кетилганидан жаҳли чиққан Ф.Н. ҳамкасби С.Б.га телефон қилиб, жанжал кўтарган ва Matiz русумли автомашинасида бетон ишлаб чиқариш цехи майдонига келган. Соат тахминан 22:30 ларда шериклари билан цех ташқи-орқа майдонида тўпланиб турган С.Б.нинг олдига келган ва улар бир-бирини оғзаки ҳақоратлаган. Кейин ўзаро келишмовчилик жанжалга айланган ва шовқин кўтарилган.

Бу пайтда цех қоровуллигида бўлган 40 ёшли Б.Ҳ. уларни бу ерда тўпланмасликка ва жанжаллашмасликка чақирган. Ўзи ҳам шу цехда навбатчи қоровул вазифасида ишлаб келаётган С.Б. Б.Ҳ.дан цех ичкарисига киритишини талаб қилган. Б.Ҳ. эса айни пайтда қоровуллик вазифасини ўтаётгани, цех ичига киришига рухсат бера олмаслигини билдирган.

Ўзи ишлаб келаётган цехга қоровулнинг киритмаётганидан жаҳли чиққан С.Б. ҳамда Ф.Н. ўзаро ўрталаридаги жанжал аламини Б.Ҳ.дан олган ва унга ташланган. Жанжалга овқатланиш шохобчасида улар билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган шериклари ҳам қўшилган. Улар орасида муқаддам Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан судланган Т.М. ҳам бўлган ва у ҳам ўз хатоларидан хулоса чиқармаган ҳолда жанжалга аралашган.

«Беш нафар спиртли ичимлик истеъмол қилган шахс уларнинг цех ичкарисига киришига қаршилик кўрсатган Б.Ҳ.ни қўл ва оёқлари билан уриб, тепишган. Оғир тан жароҳати етказишган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Б.Ҳ. қўшчаноқ жароҳати, бош мия оғир жароҳати ва лат ейиши оғир даражаси, бош суяги синиб, мия асосига ўтиши каби ҳаёти учун хавфли бўлган ташхис қўйилган. Б.Ҳ. шифохонага ётқизилган ва даво муолажаларига қарамай, бир неча кундан кейин шифохонада вафот этган», — дейди Ўктам Усмонов.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисмида (одам ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) кўрсатилган жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!