Навоийда 7 кишининг умрига зомин бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди

Навоийда 7 кишининг умрига зомин бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳудудида етти кишининг ҳаётига зомин бўлган мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси тўғрисида видеороликлар тарқалган эди.

Судланувчи А. Қизилтепа тумани ХХХ МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлаб келиб, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида фуқаролар ўлимига сабабчи бўлган.

Шунингдек, эҳтиётсизлик орқасида ҳамда хавф остида қолдириш, яъни ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол одамлар ўлимига сабабчи бўлишда ифодаланган жиноятни қуйидаги ҳолатда қасддан содир этган.

Жумладан, судланувчи А. 2018 йил 10 октябрь куни соат 01:00 ларда ўзига ХХХ МЧЖ томонидан бириктирилган SHAANXI SX русумли 85/442 ХХХ давлат рақамли юк автомашинасини Йўл ҳаракати қоидалари нинг 12-бандига кўра, ҳайдовчига, транспорт воситасини мастлик ҳолатида сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш тақиқланиши тўғрисидаги қоида талабларини қўпол равишда бузиб, маст ҳолатда Кармана туман ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлидан Кармана-Қизилтепа туманлари йўналиши бўйича бошқариб келган.

Ушбу йўлнинг 188-километрига етиб келганида, Йўл ҳаракати қоидалари да белгиланганидек ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, йўналишни ўзгартириш (қайрилиб олиш) ва тўхташдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши кераклиги, рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўлнинг чорраҳадан ташқари жойида қайрилиб олишда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт эканлиги тўғрисидаги қоидалар талабларини бузган.

Ҳайдовчи йўналиш бўйича йўлнинг қарама-қарши томонидан Нексия-2 русумли автомашина ҳаракатланиб келаётганини кўрган бўлса-да, унга йўл бермай, ўз бошқарувида бўлган автомашинани қайрилиб олиш учун ҳаракатни давом эттиради.

Оқибатда Нексия-2 автомашинаси юк автомашинасининг орқа ўнг томон бурчагига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси ва ёнғин келиб чиққан.

Фуқаро А. Нексия-2 русумли автомашина ҳайдовчиси ва ундаги йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолгани ва ўзини ўзи ҳимоя қилишдан маҳрум бўлганини тўлиқ англаган бўлса-да, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса содир бўлган жойдан кетиб қолган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Нексия-2 русумли автомашина ҳайдовчиси З. ва автомашинада бўлган 6 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этишган.

Судланувчи А., суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, ҳодиса рўй берган пайтда урилган автомашинадан ёнғин чиққанини кўргани, қўрққанидан ҳодиса жойидан кетиб қолгани, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароитининг оғирлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.

2019 йил 7 февраль куни суд судланувчига нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилар экан, унинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни мастлик ҳолатида содир қилганини назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаб, амалдаги қонун ва Олий суди Пленумининг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, судланувчи А.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра айбдор деб топди.

Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда узил-кесил 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Р.Худойбердиева,

Жиноят ишлари бўйича

Навоий вилоят суди судьяси​​

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!