Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ўқ отиш машқларини қандай бажарди?

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ўқ отиш машқларини қандай бажарди?

Кеча, 1 март куни илк бор Марказий ҳарбий округга қарашли Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонига Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов бошчилигида Сенатор ва депутатлар ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий либосдаги Сенатор ва депутатларга Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ҳамроҳлик қилди ва полигонда ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитларни кўрсатди.

Шу куни фахрийлар, ҳарбий прокуротура ходимлари, Сенатор ва депутатлар томонидан полигондаги ҳарбий шаҳарча ҳудудига 200 га яқин кўчат экилди.

Шундан сўнг 45 нафар сенатор ва депутат амалий ўқ отиш майдонига йўл олди. У ерда меҳмонлар қуроллардан амалда ўқ отишди.

Дастлабки 6 дона ўқ синов тариқасида, кейингилари баҳо учун отилди. Отиш тайёргарлиги ва унинг баҳоланиб боришига полковник Қаҳрамон Ачилов масъул этиб белгиланди. Биринчи маротаба ўқ узишларига қарамасдан, натижалар ёмон бўлмади. Унга кўра, 8 та “аъло”, 13 та “яхши” ҳамда 21 та “қониқарли” баҳо қўйилди. Уч нафар депутат эса Навоий шаҳрига “қониқарсиз” баҳо билан қайтадиган бўлди.

Тадбир сўнгида сенатор ва депутатларга ҳамда “Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери”да 5 кун давомида фаоллик кўрсатган ёшларга Марказий ҳарбий округ қўмондонлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Ҳарбий оркестр ижросидаги “Жанговар сафда” номли кўргазмали ҳамда қўл жанги чиқишлари барчага яхши кайфият бағишлади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!