Навоий вилояти бутунлай эркин иқтисодий зона деб эълон қилинди

Навоий вилояти бутунлай эркин иқтисодий зона деб эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Навоий вилоятини инновацион, юқори технологик, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Навоий вилояти ҳудуди 2030 йил 1 январга қадар, кейинчалик белгиланган тартибда муддатни узайтириш имконияти билан, инновацион, юқори технологик, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгиланди.

Навоий вилоятини эркин иқтисодий зона сифатида ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор тажрибани жорий этиш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратиш;
  • экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни яратиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш;
  • Навоий вилояти ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
  • кимёвий маҳсулотлар ва ва замонавий қурилиш материаллари, табиий тошларни қайта ишлаш ҳамда маҳаллий хом ашё ва материалларга асосланган бошқа саноат тармоқларини ишлаб чиқариш учун кластерлар яратиш;
  • қимматбаҳо тошлар ва металларни қайта ишлаш соҳасида янги ишлаб чиқаришларни яратиш, шунингдек заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни жорий қилиш;
  • вилоят корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш орқали юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
  • вилоятнинг транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, вилоят ҳудудида йирик логистика марказини яратиш;
  • минтақа иқтисодиётининг ҳозирги ва келажакдаги эҳтиёжларига таянган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш.

Навоий вилоятидаги Навоий ЭИЗ иштирокчиси мақомига эга бўлган корхоналар қуйидаги тўловлардан озод этилади:

  • ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови;
  • ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, реконструкция қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналиши билан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);
  • республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда тузилган рўйхатлар бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).

Ушбу имтиёзлар инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 10 йилгача муддатга берилади:

  • 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача 3 йил муддатга;
  • 3 миллион доллардан 5 миллион долларгача 5 йил муддатга;
  • 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача 7 йил муддатга;
  • 10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори 10 йил муддатга.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!