Навоий кон металлургия комбинатининг олтин захираси неччи йилга етади?

Навоий кон металлургия комбинатининг олтин захираси неччи йилга етади?

Навоий кон металлургия комбинатининг олтин захираси 35-40 йилга етади. Бу ҳақда 21 ноябрь куни комбинат тарихи музейида бўлиб ўтган матбуот анжуманида комбинат бош директорининг иқтисод масалалари бўйича ўринбосари Нурмат Жўлибеков маълум қилди.

“Ўзбекистон бюджетининг 10 фоизи, вилоят бюджетининг 70 фоизидан ортиғи Навоий кон металлургия комбинати ҳисобига тўғри келади. Комбинат олтин ишлаб чиқаришда дунёда 10-ўринда туради, – дейди Нурмат Жўлибеков. – Бутун жаҳон бўйича олтин ишлаб чиқариш кўрсаткичи пасайиб бораётган бир пайтда, биз 2026 йилга бориб олтин ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширишни режалаштирмоқдамиз”.

Нурмат Жўлибековнинг қўшимча қилишича, 2026 йилгача 3 млрд доллар эвазига 27 та инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши кутилмоқда. Айни пайтда “Ауминзо-Амантой” кони негизида 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш, Олтинни уюмда ишқорлаш цехида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш комплексини қуриш лойиҳалари амалга ошириляпти. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг 5-навбатини ишга тушириш, 3-гидрометаллургия заводида ишланиши қийин бўлган рудалардан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Уч миллиардлик лойиҳанинг 2 млрд 200 млн доллари НКМКнинг ўз маблағлари ҳисобидан, 800 млн доллари Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади, – дейди НКМКнинг иқтисод-молия бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Ҳасанов. – Бу лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушса, аҳоли учун 30 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади”.

Комбинатнинг жорий йилдаги даромади 2 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур маблағлар ҳисобига тизимда 1,5 мингта янги иш ўрни яратилган. Ташкилот тасарруфидаги 5 та соғломлаштириш ва дам олиш маскани, 6 та болалар оромгоҳи, 9 та маданият муассасаси, 5 та стадион ва 5 та бассейн, 80 дан ортиқ спорт заллари таъмирланган. Тизимда 14 мингдан зиёд ишчи фаолият юритмоқда.

Асосий ишлаб чиқариш объектларига Шимолий, Марказий, Жанубий кон бошқармалари, 5-кон бошқармаси “1-ГМЗ” кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси ҳамда Навоий машинасозлик заводи киради. Мазкур бўлинмаларда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, уран, олтин, кумуш ҳамда халқ хўжалигининг тармоқлари учун кенг ассортиментдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Уран захираси бўйича комбинат дунёда 10-ўринда, уранни қайта ишлаш бўйича 6-ўринда туради.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захираси 26,5 млрд долларни ташкил этган. Олдинроқ Ўзбекистон олтин экспорти ҳажми жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 2 баробарга камайгани ҳақида хабар берилганди.

Январь-октябрь ойларида Навоий вилоятидаги қурилиш ишлари ўтган йилгига нисбатан 21,7 фоизга ошган. Бу Ўзбекистон бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Ҳудуддаги қурилиш ишлари "Навоий кон-металлургия комбинати"га қарашли Зарафшон қурилиш бошқармаси амалга оширган қурилиш ишлари ҳисобига тўғри келган.

Manba: turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!