"Навоий аэропорти" чегара божхона пости ходимлари ДРОНнинг ноқонуний кириб келишининг олдини олишди

"Навоий аэропорти" чегара божхона пости ходимлари ДРОНнинг ноқонуний кириб келишининг олдини олишди

2022 йил 17 ноябрь куни Навоий вилояти божхона бошқармаси “Навоий аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Туркия-Навоий” йўналишидаги ТК6490-сонли авиарейс билан жорий йилнинг 9 ноябрь кунидаги 235-60598646-рақамли авиа юк хати асосида Туркия давлатининг “Ideal Express Kаrgo” фирмасидан Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган “Express Ideal Lux” МЧЖ номига юборилган ҳалқаро куръерлик жўнатмалари МЧЖ раҳбари Рахимов Ўлмас Холмуродович ҳамда холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, КК133-сонли инвойсда Ўзбекистон фуқароси Хожимуҳамедова Санобар Толибовна номига келган ҳалқаро курьерлик жўнатмалари орасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги 658-сонли қарорига асосан тегишли рухсатномаларсиз Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш таъқиқланган 2 дона “Copter” номли учувчисиз учиш қурилмаси (дрон) борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги “Ўзавиация” агентлигининг 2022 йил 24 ноябрь кунидаги №01-39/9-1965-сонли хулосасида ушбу бир дона “Copter” номли учувчисиз учиш қурилмаси техник жиҳатдан яроқли эканлиги, учиш вазни 120 гр.ни ташкил қилишига қарамасдан, фото ва видеокамераси бўлганлиги сабабли учувчисиз учиш аппаратлари туркумига кириши кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаро Хожимуҳамедова Санобар Толибовнадан олинган учувчисиз учиш аппаратига Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги 658-сонли қарорига асосан олиб кириш, сотиш, сотиб олиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома берилмаганлигини маълум қилинган.

Ҳолат юзазидан 2022 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисми билан 120004/2022-15ПГ-сонли жиноят иши қўзғатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!