“Навбаҳор” футбол клуби мухлислар сабаб катта жаримага тортилди

“Навбаҳор” футбол клуби мухлислар сабаб катта жаримага тортилди

Наманганнинг “Навбаҳор” футбол клуби мухлислари сабаб жиддий жазога тортилди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон суперлигаси 23-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” баҳси давомида маҳаллий мухлислар А. Асимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳини бир неча бор номақбул сўзлар билан ҳақорат қилган. Шунингдек, учрашувнинг иккинчи бўлимида мухлислар ўтирган секторлардан оммавий равишда майдонга турли буюмлар, сув идишлари улоқтирилган.

“Навбаҳор” мухлислари бунгача “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Нефтчи” жамоаларига қарши кечган сафар учрашувларидаги салбий хулқи учун огоҳлантирилган эди.

Шуни инобатга олиб, Мусобақалар регламентининг “Клублар, клублар раҳбарлари ва футболчилар мажбуриятлари” бўлимининг 8.3 бандини, қолаверса, “Интизомий ва жарималар кодекси” 1-бўлим 5.9 бандини қўпол равишда бузгани учун аввалги огоҳлантиришлар инобатга олинган ҳолда “Навбаҳор” ФК 25 000 000 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Агар ушбу ҳолат яна бир бор такрорланса, “Навбаҳор” клуби уй учрашувларини мухлисларсиз – бўш стадионда ўтказади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!