НАТО илк бор Афғонистонда тинч аҳоли вакиллари “тинчликпарвар” кучлар томонидан қатл қилинганини тан олди

НАТО илк бор Афғонистонда тинч аҳоли вакиллари “тинчликпарвар” кучлар томонидан қатл қилинганини тан олди

Ойдаги доғлар

2020 йилнинг ноябрида, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга кирганидан салкам 20 йил ўтиб, оддий афғонларнинг судсиз қатл қилиш ҳолатлари рўй берганини тан олди. Маълум бўлишича, НАТО кучлари билан ҳамкорликдаги операция пайтида австралиялик  ҳарбийлар томонидан бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилган. Улар томонидан ҳатто вояга етмаган болалар ҳам ўта шафқатсиз усулда ўлдирилгани ўз тасдиғини топган.

“Махсус хизмат”нинг махфий кирдикорлари

“Лента.ру”нинг маълум қилишича, бу шов-шув Австралия қуролли кучлари генерал-майори Пол Бреретон бошчилигида тайёрланган ҳисобот эълон қилинганидан сўнг дунё афкори оммаси эътиборини тортди. Ҳужжат мамлакат махсус тайинловдаги ҳарбийлари томонидан содир қилинган 39 қотиллик ҳақида сўз боради. Маълум бўлишича, қурбонларнинг бирортаси террорчи эмас, балки шунчаки радикал гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган тинч аҳоли вакиллари бўлишган. Энг асосийси уларнинг ҳеч бири ҳарбийлар учун хавф туғдирмаган, бирортасининг қуроли ҳам, қуролли гуруҳларга алоқаси ҳам ўлмаган.

Маълумотларга кўра, Австралия қуролли кучлари афғон тупроғига кирганидан бери ҳарбий тўқнашувлар натижасида улардан фақатгина 31 нафари ҳалок бўлган.

Австралия махсус кучлари — SAS (Special Air Service – Махсус авиация хизмати) Афғонистонга ушбу мамлакат “Толибон” ҳаракати бошқарувида бўлган 2001 йилда киритилган эди. 2006 йилда Австралия ҳарбийлари мамлакат марказидаги Урузгон вилоятига юборилган. Уларга асосан уруш пайтида вайрон қилинган инфратузилма объектларини тиклаш ва маҳаллий аҳолини жангарилардан ҳимоялаш топширилган эди. 2007 йилга келиб, вилоятда австралиялик ҳарбийлар сони 950 кишига, 2009 йилда эса, 1550 кишига етади. Гарчи 2014 йилда АҚШ ҳукумати халқаро коалиция кучларини Афғонистондан олиб чиқишга қарор қилган бўлса, бу масала ҳанузгача ўз ечимини топмади.

2013 йилда австралияликлар ўз ҳарбий базасини Афғонистон армиясига топширган ва контингентнинг асосий қисми ватанига қайтган. Бироқ, бугунги кунда ҳам мамлакатда 200 нафарга яқин австралиялик ҳарбий қолмоқда.

“Энг шармандали воқеа” Генерал-майор Пол Бреретон ўзи шахсан бирор марта ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган. 2016 йилда унга Special Air Service жангчилари томонидан содир этилган жиноятларни таҳлил қилиш топширилган. Текширув натижалари унинг раҳбарлигидаги комиссия томонидан шу йилнинг 19 ноябрь куни Австралия мудофаа маҳкамаси сайтида эълон қилинган. Маъруза 400 дан ортиқ гувоҳларнинг сўзларига, 45 мингдан ортиқ ҳужжат ва фотосуратларга асосланган. Комиссия хулосасига кўра, 2009-2016 йилларда австралиялик ҳарбийлар 23 ҳолатда ҳарбий жиноятларни содир этишган. Улар томонидан “Толибон”га умуман алоқаси бўлмаган 39 нафар бегуноҳ афғон вафот этган.

Ҳужжатга кўра, жиноятлар асосан “махсус хизмат”нинг энг намунали жангчилари томонидан содир қилинган. Уларнинг айримлари ҳозир ҳам армияда ўз хизматини давом эттирмоқда. Гумондорлар қурбонларнинг аксариятини уларга ҳужум қилмоқчи бўлганида қўлга олингани ва йўқ қилинганини иддао этишмоқда.

Ўлдирилган тинч аҳоли вакилларининг жасадлари устига фотофакт учун омборда ноқонуний сақланган қуролларни ташлаб суратга олишган.

Комиссия ҳисобида “Австралия Қуролли кучлари тарихидаги энг шармандали воқеа” сифатида 2012 йилда улар томонидан 14 ёшли икки нафар афғон боласининг ўлдирилгани кўрсатиб ўтилган. Уларни “Толибон”га алоқадорликни гумонсираб тўхтатишган. Болаларнинг ёнидан ҳеч қандай қурол ёки тақиқланган буюмлар топилмаган.

Шунга қарамасдан, ҳарбийлар болаларни қўйдек бўғизлашган ва жасадларини қопга солиб, яқин орадаги дарёга улоқтиришган.

Қонли “анъаналар” қурбонлари

Ҳисоботда айтилишича, Special Air Service кучлари орасида ўйлаб топилган битта анъана мавжуд эди. Яъни бўлинмага янги қўшилган ҳар бир жангчи одам ўлдириши лозим эди ва бунинг учун жангни кутиш шарт эмасди. Бунинг учун ҳарбийлар ўзлар қўриқлаётган ҳудуддан исталган афғон фуқаросини тутиб келтиришар ва улар шунчаки австралиялик “тинчликпарвар” ҳарбийларнинг кўнгилхушлиги учун қурбон қилинарди.

“Маросим”дан сўнг ҳарбийлар қотилликни ниқоблаш учун бирор бир “ҳодиса”ни тўқиб чиқаришган ва расмийлаштиришган. Маърузада бошқа давлатлардан жалб қилинган қуролли кучлар вакиллари томонидан ҳам ана шундай жиноятлар содир этилгани қайд этиб ўтилган. Бреретон ўз ҳисоботида Австралиянинг 25 нафар ҳарбийси устидан суд жараёни холис ва ҳаққоний ўтишидан шубҳаланишини яширмаган.

Кутилмаган худкушликлар

Мазкур маълумотлар эълон қилинган кунларда, кейинги уч ҳафта мобайнида Австралияда 9 нафар ҳарбий ўз жонига қасд қилган. Бундай ҳолат Австралия армияси тарихида кузатилмаган.
Албатта, бу худкушликларнинг тўғридан-тўғри Афғонистон воқеаларига дахлдорлиги ҳали ўз исботини топмаган. Аммо, уларнинг лоақал бир қисми Бреретоннинг маърузаси билан боғлиқлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Чунки бу ҳақидаги маълумотлар ноябрь ойининг бошларидаёқ матбуотга сизиб улгурган эди. Қолаверса, ўз жонига қасд қилганлардан бири брисбенлик Шейн Холт бўлиб, у 2015 йилда ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган эди.

Гарчи, ҳали бирор бир жиноят суд орқали ўз исботини топмаган бўлса-да, кейинги пайтларда Австралияда хизмат қилган ҳарбийларга нисбатан маҳаллий матбуотда айблов характеридаги материаллар авж олгани ҳам кўпгина уруш фахрийларининг ўз жонига қасд қилишга сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Австралиялик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маърузада кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлаб, айбдорлар ким бўлишидан қатъи назар ўз жазосини олиши лозимлигини таъкидламоқдалар.

Эълон қилинган маълумотлар Афғонистон афкор оммасини ҳам бефарқ қолдирмади. Кўплаб афғон расмийлари бу масалада ўз фикрларини билдириб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни ёқлаб чиқишмоқда. Австралия бош вазири Скотт Моррисон Афғонистон раҳбари Ашраф Ғанига юз берган ҳодиса муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Айни пайтда Афғонистонда халқаро контингент кучларининг мамлакат ҳудудини тарк этиши давом этмоқда. Бироқ “Толибон” ҳаракати ҳукумат билан ҳозиргача тинчлик битимини имзолагани йўқ.

Рустам Жабборов тайёрлади


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!