Насроний қиз биз мусулмонлардан ёрдам сўрамоқда? Нима маслаҳат берай?

Насроний қиз биз мусулмонлардан ёрдам сўрамоқда? Нима маслаҳат берай?

Савол

Ассалому алайкум, Устоз!

Олиб бораётган фаолиятингиздан Аллоҳ рози бўлсин.

Мен Хитой давлатида ўқийман. Сизга бермоқчи бўлган саволим балки сизнинг олиб бораётган фаолиятингизга боғлиқ эмасдир. Аммо, бу саволга жавобни ҳам диний, ҳам дунёвий илмга эга, ҳаётий тажрибага бой бўлган сиз каби инсондан сўрашни мақсадга мувофиқ деб топдим.

Хитойда ўзбекистонлик юртдошим ҳамда диндошим (мусулмон) бўлган инсон билан танишдим. Билдимки, у учрашадиган қиз насроний динига мансуб, ўзга юртдан келган қиз экан. Бироз вақтдан сўнг, биродарим учрашиб юрадиган насроний динига мансуб қиз билан ҳам танишдим. Улар 4 йилга яқин вақтдан буён учрашиб юрар экан, муносабатлари ҳам жиддийлашиб кетибди. Бу қиз мен ўқийдиган университетда ўқийди. Юртдошим эса, кейинги ой ўқишни битириб Ўзбекистонга қайтади, аммо қиз у боладан ҳомиладор экан. Ўтган йили ҳам шу ҳолат бўлганида, юртдошим қизни мажбурлаб аборт қилдирган экан. Натижада бегуноҳ бола нобуд бўлган.

Ҳозир ўша қиз юртдошимдан қўрқиб, яна ҳомиладор бўлганини унга айтмоқчи эмас. Чунки у ҳомилани дунёга келтирмоқчи. У қиз мендан маслаҳат сўради. Шу мақсадда сизга хат ёзишга жазм қилдим. Насроний қиз мушкул аҳволдан чиқишда биз мусулмонлардан ёрдам сўрамоқда?

У қизга нима деб маслаҳат берай?


Жавоб

Ҳа, афсусланарли вазият. Бундай нохуш ҳолатга диёнатнинг камлиги ва шариат аҳкомларини билмаслик сабаб бўлади.

Биродарингиз агар у қизни яхши билса, дини ва иффатига ишонса никоҳлаб, оила қуриши энг яхши танлов. Қиз буни унга таклиф этсин. Сиз ҳам биродарингизга тушунтиринг.

Агар қизнинг дини ва иффатига ишонмаса, болани олдиришни талаб қилмасин. Чунки Ғомидийя воқеасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани туғиб, ўзини эплайдиган бўлгунча ҳадни кечиктирганлар. Исломда бировнинг гуноҳи бировга юкланмайди, яъни зинокорларнинг қилмишида ҳомила, яъни жонзотнинг айби йўқ. Айниқса бу наҳий тўрт ойдан ошган ҳомилаларга тегишли. Қолаверса ҳомилани олиб ташлаш зинокорлик гуноҳига тарғиб ва ёрдам бўлиб қолади.

Ўзи зино қилиб юргани учун Аллоҳга чин тавба қилсин.

Аллоҳ янада билувчироқ.

Мубашшир АҲМАД


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!