«Нархоз»нинг собиқ проректори 2 млн долларни талон-торож қилганликда гумонланиб, қидирувга берилди

«Нархоз»нинг собиқ проректори 2 млн долларни талон-торож қилганликда гумонланиб, қидирувга берилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори Нодир Идиев фирибгарликда гумонланиб, суд органларидан яширингани учун қидирувга берилди. Бухоро шаҳар ИИБ бошлиғи Баҳодирхўжа Шариповнинг «Дарё»га маълум қилишича, у давлатнинг 2 миллион долларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

«Ҳақиқатан ҳам Нодир Идиев қидирувда, унинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ барча ҳужжатлар вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбарига тақдим этилди. У икки миллион доллар давлат пулини талон-торож қилганликда гумонланмоқда», — дейди Шарипов.

UzNews’нинг Тошкент давлат иқтисодиёт университети маъмуриятига таяниб ёзишича, Нодир Идиев 2021 йилнинг июль ойида ишдан кетган. Аммо университетнинг расмий сайтида Нодир Идиев ҳали ҳам университетнинг молия-иқтисодиёт ишлари бўйича проректори экани қайд этилган.

Бухоро шаҳар жиноят-қидирув бўлими бошлиғининг айтишича, Идиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми билан жиноий иш очилган.

«Қидирувдаги шахснинг яширинган жойини аниқлашда амалий ёрдам кўрсатган фуқаронинг шахси сир сақланади ҳамда пул мукофоти билан рағбатлантирилади», — дейилади ИИБ хабарида.

Маълум қилинишича, ушбу фуқаро бунга қадар «Асака банк» АЖ Бухоро вилояти филиалида ҳам фаолият юритган ва айнан шу ердаги ишлари сабаб қидирувга берилган. 2021 йилнинг июлида «Асака банк» АЖ Бухоро вилояти филиали собиқ мансабдори «Осиё тараққиёт банки» маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлгани тўғрисида хабар берилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!