Намунали уйлар одатий шамолга бардош беролмади. Бунга ким жавобгар? (видео)

Намунали уйлар одатий шамолга бардош беролмади. Бунга ким жавобгар? (видео)

ЎзАда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси Ойжамол Йўдошбоеванинг Нукусдаги намунали уйларнинг томлари қаттиқ шамол туфайли учиб кетиши ҳамда бу ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгани юзасидан мулоҳазалари эълон қилинди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Ижтимоий тармоқларнинг Қорақалпоғистон Республикаси сегметида катта баҳс мунозараларга сабаб бўлаётган асосий воқеалардан бири – 14 июнь куни соат 20:32 – 20:38 лар оралиғида юз берган кучли шамол. Гап шамолнинг қанча тезлиги ёки кучлилиги эмас, балки шу вақт оралиғида нималар содир бўлганида.

«Бу даҳшат эди. Шунчаки тўзонни видеога олиб тургандим. Икки дақиқа ичида ақлга сиғмайдиган воқеалар содир бўлди. Нукус шаҳрининг марказида жойлашган намунали уйларнинг шиферлари шамолга бардош беролмасдан учиб, йўл бўйига одамлар ва машиналар устига тушарди. Ҳамма бақир-чақир қилиб, ҳар жойга қоча бошлади», – дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири Шуҳрат Саидаҳмадов.

«Бу аномал жараён эмас. Чанг бўронлари, минтақада юзага келган вазият ва иқлимдан келиб чиқиб хулоса қилинса, Қорақалпоғистон учун хос. Шамол тезлиги сониясига 20 метргача кучайиши прогноз қилинган эди. Одатда бундай шамол чанг ва туз зарраларини ҳавога кўтаради» дея маълум қилди «Ўзгидромет» вакиллари.

Кучли шамол оқибатида Нукус шаҳри Қорақалпоғистон кўчасида жойлашган кўп қаватли 32-уй, Ережепов кўчасидаги кўп қаватли 10-уй, «Сарбиназ» МФЙда жойлашган кўп қаватли 4/24-уй, «Саманбай» МФЙ Айбек кўчаси 100-уй ҳамда Республика шошилнч тез тиббий ёрдам марказининг том қисми учиб тушган. Бу уйларнинг аксарияти ҳали баъзи эгалари ҳам кўчиб киришга улгурмаган «намунали уй»лардир.

«Энди уйли бўлдик дегандим»...

Бундай ҳолатлар биринчи маротаба эмас. Ҳар шамол ёки тўзон бўлса, бунақа видео ва расмлар ижтимоий тармоқларда айланиши табиий. Аммо, бир савол доим очиқлигича қолиб кетади, нимага таъмирдан чиққан ёки янги қурилган уйлар бир шамол эсса, таъмирталаб ҳолга келиб қолади?! Тегишли ташкилотлар нимага доим «умумий жавоб» билан чекланишади?! Бу уйга етгунча юртдошларимиз неча йиллаб меҳнат қилишган, ҳалол пуллари эвазига сотиб олинган. Энди уйга ёлчидим, бошимда бошпанам бор деса-ю, аммо шамолга чидам бермасдан «том»и қулаб тушса. Қорақалпоғистондаги кучли шамол доим кузатиладиган ҳолат. Ҳамма масаланинг экологик жиҳатига, эсган шамолнинг (аҳоли уни тузли шамол деб аташади) инсон организмига салбий таъсирига эътибор беришди ва аксарият баҳс мулоҳазалар шу мавзу атрофида бўлди. Албатта, масаланинг бу тарафи энг асосий ҳал бўлиниши керак бўлган муаммо, аммо масаланинг яна бир томони борки биз унга одатда кўз юмамиз.

Н.Р. (намунали уйда истиқомат қилувчи фуқаро):

«18 йилдан ортиқ уй-жойсиз ижарада турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим билан яшадик. Бу уйга етгунча кўрмаган азобимиз қолмади, ёш фарзанларимизни қариндошларимизга ташлаб, иккаламиз Қозоғистонга ишга кетган вақтимиз ҳам бўлган. Томоғимиздан, кийимимиздан тежаб пул йиғдик. Энди уйли бўлдик деганимизда, бошимиз таъмирдан чиқмаяпти. Ўтган йили қизимизни узатдик, шу пайтда бир таъмир қилгандик. Бу бўйича ҳокимятга кўп мурожаат қилганмиз, аммо қониқарли жавоб ололмадик. Нима қиламиз энди, шунусига ҳам шукр деб, пешонани чаппатлаб яшаяпмиз-да».

Тегишли ташкилотлар нима дейди?

Бу ҳолат биргина Қорақалпоғистон Республикасида эмас, балки барча жойларда учрайди. Бир нарса барчамизга маълумки, арзон ёки намунали дея эътироф этилаётган бу уй-жойларни фуқароларимиз арзонга олишмаган. Юртдошларимиз неччи йиллик меҳнат, қоғозбозлик, у ёқга югур, бу ёқга югурлардан кейин эгалик қилишмоқда. Уй олгунча шунча сарсон етмагандек, энди янги уйга таъмир қилиш ёки тегишли ташкилотларда амалий ёрдам кутиш сарсонгарчилиги бўлаётгани бор гап. Бир нарсани алоҳида айтиб ўтишимиз керак, биз бозор иқтисодиёти даврида яшаётган эканмиз, демак чўнтагимиздан чиқаётган ҳар бир тийин учун ҳам иш хизматини талаб қилишимизга ҳаққимиз бор. Шамолга ҳам таслим бўладиган уй эмас, балки нечча йиллар давомида бахтли ҳаёт кечираман деб, 50 йил кафолат муддати бор бўлган уйлар харид қилинмоқда.

Фуқароларимиз шунча йиллар қийналиб эришган уй-жойлар нега сифатсиз – мендан кетгунича, эгасига етгунича қабилида қурилмоқда?! Хўш, энди буёғи нима бўлади? Умид қиламизки, мутасаддилар ҳеч бўлмаса бу марта ўзларининг одатий жавоблари билан чекланиб қолишмайдилар!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!