Намангандаги боғча тарбиячисининг жазоланиши адолатданми?

Намангандаги боғча тарбиячисининг жазоланиши адолатданми?

Ижтимоий тармоқларда боғча тарбияланувчилари учун видеодарс тайёрлаётган тарбиячи опанинг видеоси тарқалди. Видеолавҳа сўнгида тарбиячининг дарсга халақит бераётган фарзандларини койигани акс этган.

Мазкур ролик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулгу ва масхара қилинди. Ҳатто уни турлича талқин қилиб, масхара қилувчилар ҳам топилди. Мактабгача таълим вазирлиги эса видеоролик юзасидан муносабат билдириб, уни тайёрлаган Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисини касбий этика қоидаларини бузганликда айблади ва унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганини (айнан қандай жазо тури танлангани айтилмаган) маълум қилди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бир қисми “хайп”га ўч ва бешафқатлиги маълум ва машҳур. Бироқ, мактабгача таълим вазирлигининг қабул қилган қарори йиқилганни устидан тепкилаш бўлди, десак адашмаган бўламиз. Бундай дейишга эса етарлича асосларимиз бор.

Ҳуқуқий меъёрлар нима дейди?

Вазирлик баёнотида 15 июль куни уй шароитида видеомашғулот ёзиб олаётиб, Ҳ.Н. ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда – қўпол тарзда койиб ташлагани, кейинчалик бу лавҳа видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ «Телеграм» гуруҳига жойлангани ва тезда ўчириб ташлангани айтилади.

43 сониялик видеороликнинг 34 сониясигача, ёш боланинг баланд овозда қўшиқ хиргойи қилгани эшитилгунга қадар тарбиячи хотиржамлик ва мулойимлик билан дарс ўтмоқда. Фақатгина сўнгги сонияларда кутилмаганда бола овози видеога қўшилиб кетади. Тарбиячи бундан асабийлашиб, ҳиссий мувозанатини йўқотади ва фарзандини қўпол тарзда койиб ташлайди.

Тарбиячининг ушбу ҳаракатлари иш берувчи томонидан касбий этика қоидаларини бузиш, деб топилади.

Вазирлик маълумотида ушбу тарбиячи мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келаётгани, ўтган давр мобайнида ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар содир этмагани ва иш берувчи томонидан ижобий таърифлангани айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддаси учинчи қисмига мувофиқ интизомий жазони қўлланишида содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Шундай экан, жазо қўллашдан аввал тарбиячи содир этган қилмишнинг оғирлик даражаси баҳоланиши керак эди. Бу вазиятда иш берувчи томонидан тарбиячи ўз фарзандига бақиргани, онанинг ўз фарзандига ўз уйида бақиргани касбий этикани бузиш эмаслиги, бундан ташқари, видеонинг айнан шу версияси телеграм гуруҳига янглиш жойлаштирилгани ва кейинчалик у ўчирилиб, хато бартараф этилгани инобатга олинмаган. Шунчаки, жамоатчиликка “муносиб” жавоб тақдим этилиши учун тарбиячи кўр-кўрона жазолаб қўйилган, холос.

Ваҳоланки, айб учун жазонинг муқаррарлиги принципи бу жиноят қонунчилигига хос нарса. Меҳнат қонунчилигида ходимнинг айбли қилмиши учун жазо қўллаш иш берувчининг мажбурияти эмас, аксинча ҳуқуқи ҳисобланади. Ушбу вазиятда жамоатчиликка “ходим жазога тортилди” деб байроқ қилиб кўрсатадиган ҳолат бўлмаган аслида.

Бинобарин, карантин шароитида тарбиячи масофадан ўқитиш усулини ўзлаштириб, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келгани эътироф этилмоқда.

Тарбиячи монтаж устаси эмас

Пандемия сабаб бўлди-ю, барча таълим муассасалари сингари мактабгача таълим тизими ҳам онлайн дарслар беришни бошлади. Бу эса доим болалар даврасида юрган тарбиячиларга қўшимча масъулият ва вазифаларни юклади. Вазият ўзгарди – энди улар уйдан чиқмасдан видеодарслар тайёрлаши керак бўлди. 

Тарбиячи тасвирчи эмас, сифатли тасвирга олишни, видеони ўзи хоҳлаган жойидан қирқиб, улаб, монтаж қилишни билмайди. Бунга у ўқимаган. Вазият талаби ўлароқ у шундай ишлашга мажбур бўляпти. Ва буни қайсидир маънода уддалаяпти ҳам. Иш бор жойда хатолар ҳам бўлади. Муҳими, таълим жараёни тўхтаб қолмаган ёки кимнингдир манфаатига зиён етмаган.

Мазкур ҳолатда тарбиячи яхши видеодарс тайёрлашга уринган. Нега уни жазолаш керак?

Маънавий оқибати ҳар қандай жазодан устун

Бу тарбиячи – аввало аёл, кимгадир она, кимгадир опа, яна кимнингдир синглиси. Кичик бепарволик сабаб ушбу видеонинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганининг ўзи унинг учун катта синов аслида. Руҳий изтироб ҳар қандай интизомий жазодан оғирдир. Мана шундай оғир руҳий кечинмаларни бошидан ўтказаётган ходимни ҳимоя қилиш ўрнига, уни жазолаш инсонийлик ва адолат мезонларига тўғри келмайди.

Бутун бошли туман аҳолисини куракда турмайдиган сўз билан ҳақорат қилган мансабдорга жазо қўлланмаганда, ўз фарзандига нисбатан шу сўзни ишлатган онанинг жазоланиши қай мезонга тўғри келади?

Шундай экан, мактабгача таълим вазирлиги масъулларидан бу ходимга қўлланган жазони бекор қилиб, уни руҳан қўллаб-қувватлашларини сўраган бўлардик.

Бу ўринда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган касаба уюшмаларининг тегишли органи ташаббус кўрсатишига умид билдириб қоламиз.

Ҳурматли тарбиячи опа!

Сиз ўзингизни айбламанг. Ҳар қандай она ўз фарзандини койишга ҳақли. Ижтимоий тармоқларда сизни мазах қилган, устингиздан кулганларни ва энг асосийси бу видеолавҳанинг тарқалиб кетишига сабабчи бўлганларни Худога солиб қўяверинг. Болалар тарбияси учун масъул экансиз, бу шарафли йўлингизда мардонавор давом этинг. Буларнинг ҳаммаси тезда унутилиб кетадиган кичик бир кўнгилсизликлар, холос.

Дилшод Абдуқодиров 

Манба: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!