Наманганда шифокорнинг кўзини кўр қилган муштумзўр ушланди

Наманганда шифокорнинг кўзини кўр қилган муштумзўр ушланди

Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи О.Қ.га беморнинг тоғаси томонидан тажовуз қилиниб, тикланиб бўлмас жароҳат етказилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

2 январь куни соат тахминан 18:30 да Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан ёрдам кўрсатилган. Бемор боланинг тоғаси, «Фаровон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1990 йил туғилган Б.Т. муолажа хонаси олдида жанжал кўтариб турган пайтда туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлими навбатчи жарроҳи, 1960 йил туғилган О.Қ. унинг олдига борган.

У Б.Т.нинг қўлидан етаклаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, зина олдидаги эшикка олиб борган ва ташқарига чиқариб, эшикни ёпган. Врач орқага қайтаётган пайтда Б.Т. эшикни тепиб, бузиб ичкарига кирган ва навбатчи жарроҳга қўққисдан ўнг кўзи соҳасига кучли зарба берган. Оқибатда О.Қ.нинг ўнг кўз олмасини посттравматик ёрилиши кузатилган.

Ушбу воқеа пайтида терапия бўлими навбатчи ҳамширалари ва хирургия пост навбатчи ҳамшираси ўша ерда бўлган. Шундан сўнг навбатчи врачга тан жароҳати етказган Б.Т. воқеа жойидан қочган. Ёлғиз қолган жабрланувчига терапия бўлимида даволанаётган бемор Д.I қонаётган соҳага пахта қўйиб ёрдам кўрсатган. Бўлим навбатчи фарроши реанимация бўлимидаги навбатчи врачларни чақирган.

Жабрланувчи боғлов хонасига олиб кирилган ва шошилинч равишда окулист З.Валиев чақирилган ҳамда «102» навбатчилик қисмига хабар берилган. Окулист томонидан бемор кўрилган ва бирламчи тиббий ёрдам берилиб, тез ёрдам авиацияга хабар берилган. Бемор зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига етказилган.

Бу ерда шифокорлар томонидан зудлик билан текширувдан ўтказилиб, «Ёпиқ калла бош мия жароҳати. Ўнг кўз олмасининг травматик катта ёрилиши, кўз гавҳарини чиқиши» дастлабки ташхиси билан ётқизилган. Шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоятга тажрибали мутахассислар юборилган.

3 январь куни тонг соат 5:00 да шошилинч равишда Республика ихтисослаштирилган кўз касалликлари шифохонаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова ва бўлим шифокори Асқар Ҳусанов томонидан бемордаги ўнг кўз олмаси шакли бузилиши ва юмшоқ тўқималар шикастланишига бирламчи мураккаб хирургик ишлов бериш операцияси ўтказилган.

«Айни пайтда тажрибали шифокорлар томонидан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ, жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган», — дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментидан маълум қилишларича, ушбу ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б» банди (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг баданига қасддан оғир шикаст етказиш) билан Б.Т. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!